Биз сувни эмас, келажакни исроф қилаяпмиз!

12.03.2024 18:03:16

Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан биридир. Ичимлик сув, аввало, чекланган ресурс ҳисобланади. Қолаверса, жуда қиммат ижтимоий харажатлар тоифасига киради. Бу – бутун дунёда тан олинган ҳақиқат. Шундай экан, сув ҳаммага етиши учун аввало мамлакат миқёсида уни тежаш талаб этилади. Aммо тан олиб айтиш керакки, ҳозирги тарифлар билан аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириб бўлмайди. Aрзон нарса ҳеч қачон қадрланмайди. Фақат бозор нархларигина одамларни сувни тежашга ундаши ва мажбур қилиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятининг бир қатор фаоллари билан учрашганида сувни қадрлаш, асраш, тежаш борасида куюниб, айни бизга керакли, фойдали сўзларни гапирган эди.
“Сув – текин эмас”, деган ғояни аҳоли онгига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим, дея қатъий таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, агарда сув танқислиги бошланса, аҳолининг яшаш шароитига қандай таъсири бўлади?
Энг аввало, нарх-наво кескин ошади, атроф-муҳит, экология жуда оғир вазиятга тушади, ҳавода чанг-тўзон кўпайиб, нафас олиш ҳам қийинлашади. Ўсимликлар, хусусан, экинлар ва дарахтлар нобуд бўлади, инсониятни эса очлик, очарчилик қарши олади.
Ҳозир республикамизнинг кўплаб туманларидаги сув қувурларида олдингидек сув оқмаяпти. Сув қувурлари бошидаги манбаларда олдинги сув захиралари йўқ энди. Ерости ичимлик сувлари ҳам камайиб бормоқда. Aриқларда энди бизнинг кўзимиз ўрганган сувлар оқмай қўйди. Масала жиддийлигига бугун олимлар, жамоатчилик эътибор қаратмоқда. Сув тақчиллиги барча муаммоларни кучайтирмоқда. Прогнозлар эса вазиятнинг нақадар қалтис эканини кўрсатмоқда.
Қатъий тежамкорликка ўрганмас эканмиз, яқин келажакда вазият ўта жиддийлашиб кетиши мумкин. Шу сабаб, сув, энг аввало обиҳаёт эканлиги, сувни тежаш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини чуқур англашимиз ва яқинларимизни ҳам шунга даъват қилиш - бурчимиздир!

Санобар Мирсаидова,
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+