Бизда муаммо бор, кўмак беринг!

28.02.2020 18:02:06

Ҳар бир ҳудуднинг ўз муаммоси бор. Фуқаролар эса бу муаммоларни ҳал этилишига умид қилиб, соҳа вакиллари ва халқ ишонч билдириб, сайлаган депутатларга кўз тикадилар.

Бағдод туманидаги 29-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутати Гулбаҳор Саидғаниева аҳоли билан учрашди. Самимий мулоқот давомида депутат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, унда кўзда тутилган мақсад ва вазифалар, илгари сурилган тавсия ва таклифлар хусусида сўз юритди.

Фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан  фикр билдирдилар. Жумладан, Мозортол қишлоғидаги аҳоли фарзандлари учун барча қулайликларга эга боғча зарур эканлиги, “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Чигит қишлоғида электр симёғочлари эскилиги, тоза ичимлик суви узоқ масофадан ташиб келиниши,  Бордон қишлоғи “Ўрикзор” маҳалласида истиқомат қилаётган 260 дан зиёд хонадон учун янги трансформатор ўрнатиш зарурати маҳаллаларнинг бир неча йиллик муаммоси эканлиги ойдинлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Г.Саидғаниева  ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, соҳа мутахассислари таклиф ва муаммолар юзасидан тегишли тартибда жавоб бердилар. Мутасадди ташкилот вакиллари билан муаммоларни ҳал этиш масаласида келишиб олинди. Туман инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, фуқаролар ўз ҳудудидан сайланган  депутатлар  билан учрашиб, муаммолари юзасидан  кўмак олиши мумкинлиги эслатиб ўтилди. 

Шундай мазмундаги тадбир туманнинг 16-сонли  болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлиб ўтди.

 Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+