Бизнинг мақсадимиз – ҳуқуқий-ижтимоий давлат

14.11.2019 17:11:39

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлайди. Одил судловга эришиш даражасини ошириш шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва  манфаатларини ҳимоя қилибгина қолмай, янги мазмундаги демократик давлатимизнинг асосий мақсадини ташкил этади. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Куч – адолатда” деган ҳикмати нафақат  давлат бошқаруви, эл-юртнинг тинчлигини таъминлашда, балки  фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолатнинг тенглиги, муштараклигини  ифода этган.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш белгиланган. Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ ўзгартишлар киритилган. Юртимизда биринчи бор Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда маъмурий суд ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, судьяларнинг ваколат муддатлари ҳам узайтирилди.  Жиноятчиликни олдини олиш,  фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида аҳоли, меҳнат жамоалари ўртасида сайёр судлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур сайёр судлар аҳоли, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширибгина қолмай ҳар бир инсон ўз шаъни, қадрини баланд тутиши ва унга муносиб бўлиши, ҳуқуқларини англаши, маҳалла, оила, Ватан тинчилигини сақлашда зиммасидаги масъулият залворли эканлигини англашга кўмаклашмоқда. Қолаверса, судьяларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартиби, оммавий ахборот воситалари  ва  бошқа ташкилотлар билан меморандум имзоланиши, фаолиятига янгича ёндошувни татбиқ этиш, шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришга  қаратилган   шаклан ва моҳиятан янги қонунлар судловнинг одиллигини таъминлайди. Президентимизнинг жорий йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосаланган қонунийлик, одиллик, инсонпарварлик, адолат принциплари соҳа вакиллари фаолиятининг негизига айланишини намоён этади.

Адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир! Бу каби тамойилларнинг  суд ҳокимияти тизимига сингиб кетиши унинг моҳияти ва аҳамиятини ошириб,  фуқаролар суяна оладиган чинакам адолат қўрғонига айлантиради. Адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида собитқадам  мамлакатимиз халқига эркинлик ва имкониятлар яратиб бераётгани, фуқароларининг эса  хайрихоҳлиги келажагининг юксалиши, жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўсини янада мустаҳкамламоқда.  

 

 Бунёд АХМАДАЛИЕВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+