Блогер ислоҳотларга ҳисса қўшса...

16.01.2021 18:01:33

Блогерларнинг халқимиз манфаати йўлида олиб бораётган фаолияти, Президентимиз таъбири билан айтганда – “халқни рози қилиш”дек савобли ишларига ҳавас қилиб,  менда блок юритиш, блогерлик қилиш мақсади пайдо бўлди. Олдин бу ишнинг моҳияти, тарихи, ўзимга ва бошқаларга фойдасини ўргандим. Таҳлилларимдан, бу соҳада ўзимни тажрибасиз деб топдим, тўғриси, масъулиятидан чўчидим. Хулосаларимни кўпчиликка хавола этсам, фойдаси тегиши мумкин.

Замон ўта шиддат билан ривожланиб бораётган паллада барчамизни турли шаклларда бирлаштирувчи воситалар, тушунчалар кўп. Ватан тушунчаси орқали маконда, тил ва ёзув воситалари орқали онгда, қонун орқали тенгликда, пул воситаси орқали манфаатларда туташамиз. Айнан шулар ичида интернетнинг ўрни бугун беқиёс. Қулай, тезкор, ҳамёнбоп ҳамда қизиқарли. Маълумот оламиз, ахборотни ўзлаштирамиз, улашамиз ва айрим пайтларда интернетдан маънавий дам оламиз. Буларнинг барчасини эса биз ўз ички ишончимиз орқали амалга оширамиз. Тўғрида, ўртада ишонч бўлмаса, биров ўзгани эшитгиси ҳам келмайди. Баъзи ҳолларда манашу ишончимиз ўзини оқламай қолади, негаки, интернетдан фойдаланаётган ҳар бир фойдаланувчининг яхши ва ёмон мақсадлари, тўғри ва ёлғон ахборотлари бор. Замонамиз қаҳрамонларига айланган блогерлар ҳам шу икки мақсад йўлида бугун ҳаракатда.

Ўз соҳасининг эгаси бўлган, ҳуқуқий саводи етарли, тил, нутқ меъёрларини билган, ижтимоий-сиёсий жараёнларни тўғри мушоҳада қилишга қодир блогерларимизнинг аҳолига катта ёрдами тегмоқда. Улар бошқа йўналишларда ҳам етакчи тарғиботчи сифатида (пандемия даврида саховат ишларига қўшган ҳиссалари) халқимиз ва давлат ҳокимияти ўртасида ишончли кўприк бўла олдилар. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ҳам блогерларнинг мамлакатда бўлаётган ислоҳотларларга қўшаётган ҳиссаси тўғрисида кўп маърузаларида таъкидлайдилар.

Лекин аниқ мақсадларсиз, ваҳималар асосида иш юритиб блогер бўлиб олганлар ҳам кам эмас. Кеча  кўпчилик орасига нифоқ солиб, норозиликни касб қилиб олган айрим кимсалар ҳам бугун ўзларини блогер деб атамоқдалар. Интернетга кирган одамнинг гоҳи боши айланиб қолади, эр-хотиннинг уруши ҳам, дўстларнинг гурунги ҳам, гўдакнинг туғилиши ҳам, аёлларнинг миш-мишидан тортиб кинначиларнинг ваҳимасигача блогерлар нигоҳида. Бирор матерал эълон қилсалар, сарлавҳа тўла хато. Бугун гапирган гапини эртага бошқа блогер ёлғон деб топади ва бир-бирини ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик ғашини қўзғатувчи сўзлар билан таърифлашга тушадилар.

Бу кимларгадир эркинлик, очиқлик, демократия завқидай сезилиши мумкин. Аслида бу ҳолат аҳолида ахборот маданиятининг тўғри шаклланмаётганидан далолатдир. Ҳолбуки, биз ваҳимадан, ёлғондан, ғийбатдан қулоқ беркитган, қадимдан урушганларни яраштирган, қўшнининг ҳурматидан ўз уйида овозини кўтармай яшаган ҳалқмиз. Халқнинг шаъни ва юртнинг қонунлари, фуқароларнинг шахсий даҳлсизлиги ҳурмат қилиниши ҳам  - улуғ маданиятдир. Миллат тарихига назар солсангиз, ахборот маданиятини қандай бўлгани содда ҳалқнинг мақолларидан ҳам кўриниб туради:

 “Айтилган сўз — отилган ўқ”, “Оғизга келган сўз арзон,
Овулга келган бўз арзон”, “Яхши гапнинг ҳам қулоғи бор,
Ёмон гапнинг — ҳам” деган мақоллар бежиз айтилмайди. “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”   - деганларидек, кенг жамоатчиликка бир сўз  - хабар айтгувчи масъуллар бор. Бугун  барча ташкилотларда шаклланаётган матбуот котибларимиз ўз вазифаларини  тўлиқ англасалар ёки блогерларимиз етарлича билим кўникмаларига эга бўлиб, ўз устида ишласалар, ахборот маданиятида биз кутган натижалар бўлиши аниқ. Масалан, блогерлик соҳасида фаолият юритаётган Хушнудбек Худойбердиев, Шахноза Соатова, Азиза Қурбоновалар каби бир қанча ёшлар тўғри ахборот, сокин мулоҳаза, соғлом танқид, халқчил ғоялар билан ҳалқимиз ҳурматини  қозониб улгурдилар.

 “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 3-моддасида блогер тушунчасига шундай таърифланади:

“Блогер - интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.”

         Бундан кўриниб турибдики, блогерлик қилмоқчи бўлган ёки қилаётган  ҳар бир фуқарога ахборотларни тўғри муҳокама қилишга яраша чуқур ижтимоий, сиёсий, иқтисодий билимлар ўта зарур ва муҳимдир.

Юқорида мен бизни бирлаштиргувчи Ватан тушунчаси ҳақида ёзгандим. Бизга дўстларимиз ёки бизни четдан кузатаётган бегоналар Ўзбекистонликлар сифатида умумий таъриф бераётганларида барчамиз авлодларимиз олдида яхши одамлар деган ном қолдиришни истаймиз.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+