“Боғча пули” қанча?

11.11.2019 16:11:41

Инсон борки, бахтли яшашни орзу қилади. Бахтни ҳар ким турлича талқин қилади, тушунади. Болажон ўзбек халқининг бахт мезони фарзандларининг бахту камолини кўриш билан боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Шуниси аниқки, ҳар томонлама баркамол авлодгина ҳаётда юксак марраларни кўзлай олади ҳамда ўз мақсади сари дадил қадам ташлайди.

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда ёшлар тарбиясига давлат сиёсати даражасида қаралади. Ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратилган. Бу жараён давом этяпти. Мени энг қувонтирган нарса ёш авлод тарбиясида мактабгача таълим муассасасига берилаётган эътибор. Зеро, мактабгача бўлган паллада боланинг ички дунёси, ўзига хос хислатлари шаклланади. Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг пойдевори, бирламчи бўғини бўлиб  фарзандларимизни мактабга тайёрлаб беради.

Шуниси аҳамиятлики, олиб борилаётган амалий ишлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда давлат-хусусий шериклиги, нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони ортиб бормоқда. Тизимга замонавий механизимлар  жорий этилмоқда. 

Имтиёзли кредитлар, ажратилаётган субсидиялар тизимни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Аммо, давлат хусусий шерикчилик асосида қурилган мактабгача таълим муассасалари учун субсидиялар ажратишда ҳудудий жойлашишини эътиборга олиш муҳим, деб ҳисоблайман. Айнан, чекка қишлоқларда, марказдан узоқликда жойлашган муассасалар учун мулкчилигидан қатъий назар субсидиялар кўпроқ ва кенгроқ ажратилиши лозим. Сабаби, марказда жойлашган хусусий мактабгача таълим муассасаларида битта тарбияланувчи учун 600 мингдан 1 милионгача бўлса, қишлоқ жойлардаги хусусий мактабгача таълим муассасаларида битта тарбияланувчига 200 мингдан 250 минггача тўлов қилинади.

Лекин, хусусий мактабгача таълим муассасалари марказдами ёки қишлоқ жойда жойлашганми бир хилда субсидиялар ажратилмоқда. Шу сабабли ҳам қишлоқ жойларда мактабгача таълимни ривожлантириш масаласи ҳамон орқада қолмоқда.

Чекка ҳудудларда, қишлоқ жойлардаги фарзандларимиз ҳам барча қулайликларга эга, замонавий таъмирланган мактабгача таълим муассасаларига боришга ҳаққи бор. Шунинг учун ҳам тизимда хусусий шерикчилик асосида барпо этилаётган мактабгача таълим муассасалари учун субсидиялар ажратиш масаласини қайта кўриб чиқиш зарур.

 Фароғат ШАРИПОВА,

Халқ депутатлари Оқдарё туман кенгаши депутати

 

           

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+