Болажонларга янги йил кайфияти улашилди

28.12.2023 15:12:09

     Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят, Урганч шаҳар Кенгашлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали ҳамкорлигида мазкур даво масканида даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун партиянинг “Саховат беназир қадрият!» лойиҳаси доирасида янги йил байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлари, шифокорлар, марказда даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида партия фаоллари, депутатлар ҳамда онколог шифокорлар ҳомийлигида ташкил этилган янги йил совғалари Қорбобонинг эртакнамо қизиқарли ҳангомалари билан болажонларга улашилди.


Шоира Рўзметова, Нурмуҳаммад Собировни бувиси, тадбир иштирокчиси:
— “Данаги мағзидан ширин” деган иборани нечоғлик тўғри эканини набиралик бўлганимдан кейин тушуниб етдим. Айниқса, фарзандинг ёки набиранг бетоб бўлиб қолса, кўзингга дунё қоронғи кўринар экан. Инсонни қадрлаш туйғусини бизга, фарзандларимизга меҳрибонлик кўрсатаётган шифокорларнинг оқибатида кўрдим. Бугун фарзанд ва набираларимиз, умуман барчамизга табассум бахш этган Тоҳиржон Палванов раҳбарлигидаги шифокорлар жамоасига, партия фаолларига, депутатларига раҳмат. Инсонлари қадр топган юртда яшаётганимиз учун шукрона билдирамиз. Болажонларнинг “Ватан”, “Она” каби айтиб берган шеърлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.


Шундан сўнг, фаоллар, Урганч шаҳридаги “Байналмилалчи” маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила болаларидан - Роксана Байжанова, туғма ногирон - Бахтиёр Нуриддиновларнинг ҳолидан хабар олиниб, янги йил совғалари билан кўнгилларини кўтаришди. Болажонлар юзларида акс этган шодлик оналарининг, бувижонларининг юзларига кўчиб ўтганини, уларнинг бундай эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, ҳаётга бўлган завқи, келажакка бўлган ишончи янада ошганини кўриб, беихтиёр, Алишер Навоий бобомиз битган ва ўзи ҳам умр бўйи амал қилган:
“Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай”, - байти беихтиёр ёдимизга тушди. Меҳри уммон, саховатпеша халқимиз бор экан, юртимизда инсон қадр-қиммати юксалиб бораверади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,“Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+