Болалар зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилинади

19.02.2024 19:02:06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол авлод бўлиб етишини таъминлаш, маънавий ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вояга етмаганларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар турар жойлар билан таъминланди.
Партия сайловолди дастурида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш устувор вазифа сифатида ўрин олган. Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар партия ғоя ва мақсадларига уйғун ва ҳамоҳангдир.
Ушбу қонун лойиҳасида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга масъул давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига тариф берилиб, зўравонлик шаклларига аниқлик киритилмоқда. Зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар тоифалари (етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар) кўзда тутиляпти.
Қонун ташаббускорларининг фикрича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалар ва савол-жавобларга бой ўтган йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар, таклифлар берилди.
Хусусан, фракция аъзолари оилада зўравонлик қурбони бўлаётган бола номидан учинчи шахслар, яъни қўшниси ёки қариндоши мурожаат қилиши мумкинми?, деган саволни ўртага ташладилар. Қонун ташаббускорлари ушбу масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+