Болажонлар қувончи чексиз

01.01.2021 15:01:15

Айни кунларда юртимиз бўйлаб янги йил шукуҳи кезиб юрибди. Барча вилоят, шаҳар ҳамда туман марказларида маҳобатли арчалар безатилиб, Қорбобо ва Қорқиз иштирокида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, байрам олдидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган болажонларга хуш кайфият улашиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Жиззах вилоят ташкилоти ҳамкорликда Жиззах шаҳридаги янги йил арчаси ўрнатилаган мустақиллик майдонида  “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Дастлаб тадбирда вилоят ҳокими Э.Салиев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этди ҳамда ҳукуматимиз томонидан ёшларга яратилаётган шароит ва кўрсатилаётган ғамҳўрликлар, барча соҳаларда олиб борилаётган имкониятлар ва ўзгаришларга тўхталиб ўтди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ва тадбир ташкилотчилари томонидан 500 га яқин болажонларга янги йил совғалари топширилди. Куй-қўшиқ ва рақслар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли томошалар барчага бир олам қувонч улашди.

Эзгу амалдан кўнгли тоғдек кўтарилган болажонлар раҳматларини шеърий мисралар билан айтишди. Уларнинг ота-оналари томонидан  тадбир ташкилотчиларига ўз ташаккурларини билдиришди.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+