“Болажонлар учун қон топширдим”

11.12.2020 12:12:18

Қон ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ва сунъий равишда ишлаб чиқариб бўлмайдиган инсон ҳаётидаги муҳим неъмат ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Қон заҳирасини таъминлашнинг ягона йўли соғлом кишилардир.        

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остидаги тадбири менда чуқур таассурот қолдирди. Ушбу тадбирнинг бош мақсади инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат.    “Адолат” партиясининг донорлик бўйича ташаббусини қўллаб-қувватладим ва қон топширдим. Ҳақиқатдан ҳам акцияда иштирок этиб, қон топширган донорлар кўплаб болажонларга нафақат эътибор кўрсатдилар, балки уларга ҳаёт бағишладилар.

Дард юрагимиз бир парчаси, фарзандларимиз ҳаётига чанг солганда бутун дунё кўзимизга тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик.

Донорлар томонидан топширилган қон шифохонада оғир бетоб бўлиб ётган беморларнинг тезда соғайиб соғлом ҳаётга қайтишлари учун бебаҳо даво ҳисобланади. Вилоятимизда ҳам ана шундай савобли кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Вилоят қон қуйиш маркази шифокорлари томонидан вилоятимиздаги корхона ва ташкилотлар ходимлари, аҳолидан иборат кўнгилли донорлардан қон қабул қилишиб, савобли ишни амалга оширмоқдалар.

Ушбу донорлик акциясида иштирок этиб, жажжи болажонларимиз саломатлиги тикланиши учун ҳисса қўшишни инсонийлик ва партиявий бурчим деб билдим. Чунки бемор болалар ва уларнинг ота-онаси учун биз топширган қон қанчалик муҳимлигини яхши биламан. Тилагим, ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, мамлакатимиз болалари ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳар доим юртимиз узра болалар кулгиси жаранглаб турсин.

Фотима НУРАЛИЕВА,

партия аъзоси, кўнгилли донор

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+