Болажонларга қувонч бағишлаб..

28.12.2023 17:12:50

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари доимо одамларнинг аҳволидан, руҳиятидан хабардор бўлишга алоҳида эътибор бериб келишаяпти. Жойларда истиқомат қилувчи бева-бечоралар, етим-сирлар, кўп болали ночор оилалар, кам таъминланган қария ва ногиронларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишаяпти. Кўпнинг дуосини олиш, оғирини енгил қилиш, дуоларини олиб яшашга интилишаяпти.


Ана шундай мақсадда “адолатчи”лар яхши ният билан партиянинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида хаста болажонларни хурсанд қилиш учун Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлимига боришди. Янги йил муносабати билан уюштирилган меҳр-мурувват тадбири касалликдан кўнгли ўксик болажонлар қалбида қувонч уйғотди.


- Мурувватли юртдошларимиздан миннатдормиз, - деди даволанувчи Улуғбек Ғофуров. - “Адолат” СДП фаоллари бизни ҳар байрам кунлари йўқлаб келишади. Совға-саломлар улашишади. Бу гал ҳам ўқув жиҳозлари, қизиқарли бадиий китоблар туҳфа қилишди. Раҳмат.
Янги Ўзбекистонда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорларнинг асосий хусусияти шундан иборатки, уларда ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда. Албатта, бундай инсонпарварлик сиёсати бугунги шиддаткор замонда ҳам айни муддаодир. Чунки, кучли ижтимоий сиёсатсиз янги тараққиёт сари дадил одимлаётган мамлакатни мустаҳкамлаш ва уни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мумкин эмас.
Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гемотология бўлимида даволанаётган болажонларнинг ҳеч бири “адолатчи”лар эътиборидан четда қолмади.

Руиддин Раупов,
Гулноза Раджабова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+