Бор куч-ғайратимизни Янги Ўзбекистонимиз учун сафарбар этамиз

08.01.2021 16:01:56

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар қатлами ташкил этади. Шу сабаб давлат бошкарув органларида ёшлар салмоғи тобора ортиб бормоқда.

Ҳурматли давлатимиз раҳбари  ҳам ҳар доим ўз сўзларида биз ёшларга катта ишонч билдириб,  доим  катта имконият эшикларини биз ёшлар учун очмоқдалар.

Муҳтарам Президентимизнинг бу галги Олий Мажлисга  йўллаган Мурожаатномаларида ҳам ёшлар масаласи устувор аҳамиятга эга бўлди.

Мурожаатномада қайд этилган иқтидорли ўғил-қизларни  юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида пойтахтда алоҳида университет ташкил этилиши ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериши биз учун қувонарли янгилик бўлди.

Жорий йилдан олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш ҳамда аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши ҳам давлатимизда ёшларнинг таълим олишига бўлган юксак эътибор намунасидир.

2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади. Бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этилиши мамлакатимизда инсон қадр-қимматининг нақадар устунлигини ифода этди.

Давлатимиз раҳбарининг  биз ёшларнинг келажагини қайғуриб  жон куйдираётгани, Мурожаатномада  илгари сурилган фикр-мулоҳаза ва қарашлари юрт келажаги бўлган биз каби ёшларга катта масъулият юклаши билан бир қаторда, мамлакатимиз ёшлари бир тану бир жон бўлиб,  бор куч-ғайратимизни, азму шижоатимизни  Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти учун сафарбар этамиз.    

                                                                              Мехриноз АБДИЯЗОВА,

                                                                              Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                           Шовот туман Кенгаши раиси,

                                                                            “Ёшлар парламенти” аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+