Бугун ва келажагимиз кўзгуси

25.02.2020 15:02:50

      Ўзбекистон  “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят, Косон туман Кенгаши, Қарши шаҳар ҳокимлиги, республика маънавият ва маърифат маркази Қарши шаҳар бўлинмаси, ҳамкорлигида “Мурожаатнома-юртимиз бугуни ва келажагимиз кўзгуси” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

     Қарши шаҳридаги юридик коллежида уюштирилган тадбирда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тиббиёт, таълим, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар Иттифоқи, маҳаллалар фаоллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот  воситалари вакиллари қатнашди.

     Кун тартибидаги долзарб масала юзасидан ҳуқуқшунос, партия фаоли Баҳоргул Намозова маъруза қилди.

     -Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқаро миқёсда ҳам ўрнак ва намуна сифатида эътироф этилганидан хурсанд бўлдим,-деди Баҳоргул Намозова.-Ҳақиқатдан ҳам, Мурожаатномада барча соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилган. Биргина, нефт-газ, геология-қидирув соҳаларини олайлик. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳаларга ҳам кўпроқ инвестиция киритиш, инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш юзасидан зарур топшириқлар бердилар. Бу борада юртимизда қазиб олинаётган нефтнинг 76 фоизи, табиий газнинг 82 ва газ конденсатининг 93 фоизини етказиб бераётган биргина Қашқадарёда ҳам аниқланмаган ва очилмай турган қанчадан-қанча нефть, газ заҳиралари мавжуд. Инвесторларни жалб этиб, буларни кашф этиш ва халқимиз фаровонлиги йўлида фойдаланиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ-ку.

     Нотиқ Таллимаржон иссиқлик электр станцияси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Шўртан ва Алан конларини ободонлаштириш хусусида ҳам ўз фикрларини баён қилди.

     Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева ҳам маъруза қилди.

     -“Туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади” деб алоҳида таъкидладилар Президентимиз Мурожаатномада,-деди Дилрабо Чориева.- Шунга асосан, айни пайтда бизнинг вилоятимизда ҳам қанчадан-қанча ноёб тарихий ва маданий бинолар халқаро ҳамда маҳаллий сайёҳликка мослаштирилмоқда. Амир Темур номидаги музей экспозициялари кенгайтирилиб, археологик объектларда экотуризмни ташкил этиш, Шахрисабзни ҳақиқатдан ҳам музей-шаҳар эканлигини кўрсатиш учун ишлар бошлаб юборилди.

     Шунингдек, маърузачи кўҳна воҳадаги тарихий мажмуалар, ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказиш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

     Республика маънавият ва маърифат маркази Қарши шаҳар бўлинмаси раҳбари Шоира Ҳайдарова, халқ  депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши  депутати Ҳусниддин Бердимуродов, Косон туманидаги Мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мавжуда Жумаева, халқ депутатлари Косон тумани Кенгаши депутати Лобар Абидова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Косон туман Кенгаши раиси Ваҳоб Ибрагимов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида матбуот эркинлигини таъминлаш, халқ билан мулоқот ўрнатиш, давлат таълим сифатини янада яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, юртимизни келажакда халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, хориж инвестиция ва технологияларини ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор аниқ устувор йўналишлар белгилаб берилганини тушунтириб ўтдилар.

     Тадбир савол-жавоблар асосида ташкил этилгани боис иштирокчилар фаоллиги яққол сезилиб турди.

     Учрашувда иштирок этганлар давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида белгиланган тараққиётимизни таъминловчи муҳим вазифалардан воқиф бўлдилар.

                                                                   Гулноза  РАДЖАБОВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+