Бугунги тиббиёт камчиликлардан холи бўлиши лозим

27.10.2022 15:10:56

Халқимиз соғлиғини сақлаш, соғлом турмуш кечиришига эришиш юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» СДП “Ёш адолатчилар қаноти” Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан партия вилоят Кенгаши вакиллари ва Термиз туман Кенгаши депутатлари ҳамда ихтисослаштирилган марказлар раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи Термиз туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганмоқда.

Хусусан, партия вилоят Кенгаши ва партия Термиз туман Кенгаши ходимлари, депутатлари ва масъуллардан таркиб топган ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар, кичик ва ўсмир ёшидаги болаларга бепул дори воситалари етказиб бериш ва бу бўйича жойларда аҳвол қандайлигини ўрганиш мақсадида ва унинг амалда бажарилишининг назорати юзасидан “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳаси доирасида “Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор” шиори остида Термиз туманидаги 70,-71-сонли оилавий поликлиникалар ва тумандаги ат-Термизий оилавий шифокор пункти ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиника “Янгиариқ” бўлими  ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот қилинди. Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим топишга қаратилган бу ишларни олиб борилишидан мақсад аҳолининг тиббий хизматдан розилигини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, асосий эътибор мазкур тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасининг ҳолати, асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларнинг махсус препаратлар билан таъминланиши, туманда касалланиш кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланишича, марказда жорий йил давомида таъмирталаб тиббий асбоб-ускуналар учун маблағ ажратилиб, тиббий аппаратлар таъмирланиш даражаси ҳам қониқарли даражада эмас. Ажратилган маблағлар тиббий пуллик хизмат асосида топилган маблағлар ҳисобидан бажарилган. Таъмирталаб аппаратларни таъмирлаш бўйича ва янги аппаратлар олиш бўйича маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Марказнинг лаборатория бўлими беморларга хизмат кўрсатиш учун барча реактивлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиши ҳам қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Тиббиёт муассасаларида мавжуд барча тиббий аппаратлар стандарт қиёслов кўригидан баъзилари ўтказилган бўлса, баъзилари ўтказилмаган. Мазкур тиббий поликлиникалар юқори технологик аппаратлардан УЗИ, ЭКГ билан таъминланган.

Ўрганишлар асносида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг айрим бандлари тўлиқ таъминланмаётганлиги аниқланди. Хусусан, қарорга кўра, аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича 2021 йил 1 июндан бошлаб 6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан, 2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши,  2022 йил 1 июлдан бошлаб эса ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 — 15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши белгиланган эди. Ваҳоланки, 6-ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун “А” витамини ва 2-10 ёшли болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар мазкур поликлиникаларга келмганлиги аниқланди. Шунингдек, 70,-71-оилавий поликлиникаларда 2021  йил ҳолатига  “Антиструмент” препарати 300 та келганлиги ва 2022 йилда 150-доза қолдиқ бўлганлиги, бу дори воситаси 15 ёшгача бўлган болаларга ва ҳомиладор аёлларга берилиши зарур бўлиб, туғиш ёшидаги аёллар сони 3635 нафарни ташкил қилсада, фақатгина “Темир дафтар”га киритилган аёллар ва ёшларга берилиб, шундан туғиш ёшидаги аёлларга тарқатилиш даражаси 70 фоизни ва 15 ёшгача бўлган болаларга тарқатилиш даражаси 30 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, таркибида фолий кислотаси бўлган “Ферфолас” препарати 35 ўрам келган бўлса шундан 21 ўрами тарқатилган  бўлиб, яна бири, витаминлардан иборат “Иронет” препаратининг 15 ўрамидан бор йўғи 8 ўрами тарқатилганлиги аниқланди.

Яна шунингдек, тумандаги ат-Термизий оилавий шифокор пункти ва тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника Янгиариқ бўлимида ўрганишлар чоғида ҳам мазкур қарорнинг 1-банди бузилиши ҳолатлари аниқланди. Мазкур поликлиникаларда ҳам олти ойликдан беш ёшгача бўлган болалар учун «A» витамини келмаганлиги, 2 — 10 ёшли болалар учун гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар ҳам келмаганлиги маълум бўлди.  “Антиструмент” препарати  жорий йилда 119 ўрам келган бўлса, ушбу дори воситасининг 15 ёшгача булган болаларга  ва ҳомиладор аёллар ва  фертел ёшдаги аёлларга бор йўғи 49 ўрами тарқатилиб, қолгани 70 таси тарқатилмаган. У ҳам бўлса “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга берилган. Ваҳоланки, туманда ҳозирги вақтда ҳомиладор аёллар сони 649 нафар бўлиб, 3-15 ёшгача бўлган болалар сони 2742 нафарни ташкил этади. Туман кўп тармоқли марказий поликлиника “Янгиариқ” бўлимида “Антиструмент” препарати ўтган 2021 йил охирида 100 та ўрамда  келган бўлса, ушбу дори воситалари поликлиника бош шифокорининг эътиборсизлиги натижасида 16-17 ёшдаги қизларга тарқатилиб келинганлиги аниқланди. Ваҳоланки, ушбу дори воситалари ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларга тарқатилиши керак эди. 

Шунингдек, ат-Термизий оилавий поликлиникасида туғиш ёшидаги аёллар учун зарур бўлган “Ферфолас” препарати 25 ўрам (ҳар бир ўрамда 30 дона) келган бўлиб шундан бор йўғи 9 ўрами тарқатилганлиги, “Иронет” препарати эса  9 ўрами (ҳар бирида 5 дона) дан 6 ўрами тарқатилганганлиги аниқланган бўлса. “Янгиариқ” бўлимида эса жорий йилда Ферфолас препарати 35 ўрамда (ҳар бир ўрамда 30 дона) келган ва шундан бор йўғи олти ўрами тарқатилганлиги маълум бўлди. Мазкур поликлиникада “Иронет” 20 ўрам (ҳар бирида 5 дона)дан келган бўлиб ундан ҳам бор-йўғи беш ўрами тарқатилганлиги аниқланди.

Аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда навбатдаги туман депутатлари сессиясида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиши режалаштирилди.

Шу хусусда депутатлар иштирокида навбатдаги сессияда тyмандаги биттадан қишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган ахборотлари эшитилиши маълум қилинди.

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+