“Бунёдкор”да  бунёдкорлик авжида

01.03.2021 18:03:59

Шу йилнинг 18-19 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, йирик лойиҳаларбилан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганда бўлди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ишлар, аҳоли ҳаёти ўрганилди. Қўлга киритилган ютуқларни қайд этиш билан биргаликда тўпланган илғор тажрибалар қўллаб-қувватланди. Мавжуд муаммоларга барҳам бериш, янги ўсиш нуқталари белгиланди. Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда сусткашликка йўл қўйган раҳбарлардан масъулият сўралди.

– Куни кеча биз фаоллар билан  йиғилиш ўтказиб, давлат  раҳбарининг Наманганга ташрифи  якунларини муҳокама қилдик, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят  Кенгаши раиси Исроил Жўраев. – Ҳаммамиз ўз таассуротларимиз билан ўртоқлашдик. Ташриф ҳар сафаргидай  минтақани ривожлантиришда, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланданди. Халқ  депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари  сессиясида, жойларда ўтказилган мулоқотлар  жараёнида қўйилган янги вазифаларни бажариш учун бошланган ҳаракатда сафдошларимиз ҳам жонбозлик кўрсатишлари зарурлиги айтилди.

Шу ўринда партиядошларимиз Президент томонидан қаттиқ  танқид  қилинган Наманганнинг “Бунёдкор” маҳаласида ҳам  бўлишди. Маълумки, ушбу МФЙ шаҳар марказидан ўн сакиз километр олисда жойлашган.  Аҳоли  вакиллари  билан  мулоқотда бу ерда ичимлик суви йўқ, йўллар хароб, ободончиликка эътибор йўқлиги аён бўлган. Фуқаролар йиғини идораси биноси ҳам талабга жавоб бермайди,  Бу ерда оддий қулайликлар ҳам мавжуд эмас экан.

-  Мен бу маҳаллага кўчиб чиққанимга  қирқ йилдан ошди, - дейди Низомжон  Зиёвиддинов. – Бизни  ўшанда ҳамма шарт-шароитлар  яратилади,  деб роса  ишонтиришган. Аслида эса ҳеч  қандай ўзгариш юз бермади. Турли идораларга қилинган мурожаатлардан ҳам натижа чиқмади. Чиндан ҳам бу ерда ким билан гаплашманг, ҳамманинг ҳасратидан чанг чиқарди. Бугун эса одамларнинг кайфияти  яхши  томонга  ўзгарди. Улар давлат рпаҳбарининг маҳаллага ташрифидан, белгиланган чора-тадбирлардан ниҳоятда хурсанд.

Шу ўринда юқорида тилга олинган жойларда  ҳолатни ўнглаш юзасидан саъй-ҳаракатлар зудлик билан бошланганлигини қайд этиш зарур. Президент ташрифининг эртасигаёқ вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов  “Бунёдкор”ликлар билан учрашувда шу маҳаллага кўчиб келиб яшашини билдирди. Ўша куниёқ ҳудудда ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Кўчаларни текислаш, суғориш тармоқларини тартибга  келтириш, электр узатиш тармоқларини янгилашга киришилди. Янги  қуриладиган фуқаролар йиғини, оилавий поликлиника ва қатор бошқа бинолар лойиҳалари тайёрланмоқда.  Тез орада ичимлик суви тармоқлари ҳар бир хонадонга кириб боради.

Уч гектар майдонни эгаллайдиган кичик саноат зонасини барпо этиш режалаштирилди. У ерда ўнта корхона жойлаштирилади. Умумий қиймати 17,0 млрд.сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 500 та янги иш ўринлари яратилади. “Адолат”чилар ана шу ҳаётбахш режаларнинг барчасидан воқиф бўлдилар ва бунёдкорларнинг ишларига муваффақиятлар тиладилар.

Президент учрашган “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳаётида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу ердаги ўғил-қизларга юртбошимизнинг совғалари - ноутбук, планшет, телефон, мусиқий чолғу асбоблари топширилди. Тез орада ушбу муассасани битириб чиқадиган  44 нафар йигит-қизга янги уйлардаги хонадонлардан тақдим этиш чоралари кўриладиган бўлди. “Меҳрибонлик уйи биноси мукаммал таъмирдан чиқарилади ва тўла жиҳозлаб берилади. Тарбияланувчилар ёзги таътилда ҳордиқ чиқарадиган Чуст туманидаги “Меҳрижон” дам олиш маскани эса мавсум бошлангунга  қадар қайта қуриб берлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида янги барпо этилишини билдирган “Саховат” уйини қуриш ҳам  бошланди. Ҳозирги бино 1982 йилда қурилган бўлиб, аввал пахта тозалаш заводининг дала ҳовлиси бўлган. Айни пайтда бу ерда 14 нафар қария яшайди.

- Менга “Саховат” уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида “Саховат” уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз,  даволанасиз, — деган эди бу ерда ташриф чоғи нуронийлар билан кўришган давлат раҳбари.

Янги бино шаҳарнинг “Орзу” маҳалласида “Саховат” уйи қурилиши қайтадан бошланди. Аслида 50 ўринли бу даргоҳни барпо этишга 2016 йилда киришилган, бироқ турли сабабларга кўра қурилиш тўхтаб қолганди. Энди у 120 ўринга мўлжаллаб қайта реконструкция қилинмоқда. Бино энерготежамкор, яшаш, дам олиш ва соғлигини тиклаш учун барча шароитларга эга бўлиши кўзда тутилган. Санузеллари ичида бўлган икки кишилик хоналар, бассейн, тренажёр заллари бу ерда истиқомат қилувчилар ихтиёрида бўлади.

Ташриф икки кун давом этди. Аммо шу қисқа муддат ичидаёқ жуда кўп ва кенг қамровли масалалар кўриб чиқилдики, уларнинг ҳар бири аҳоли учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Аниқланган муаммоларни бартараф этишга, белгиланган вазифаларни уддалашга жиддий киришилганлиги  Наманганяқин келажакда мамлакатларнинг ривожланган ва намунали минтақаларидан бирига айланишидан далолатдир.

                                                                           Нурбек  АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Наманган вилоят Кенгаши  матбуот котиби.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+