Чирчиқ шаҳрида сайловчилар билан учрашув бўлиб ўтди

09.06.2023 16:06:59

Жорий йилнинг 9 июнь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувни Президентликка номзоднинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили – “Адолат” СДП вилоят Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова кириш сўзи билан очиб берди. Ишончли вакил иштирокчиларга номзоднинг таржимайи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудова сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Номзоднинг Сайловолди дастурида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, номзод дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Қолаверса, дастурда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип давлат сиё­сатининг устувор йўналиши сифатида таъкидланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократия­­си институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Конструктив руҳда, қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир қатнашчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирларда фаол иштирок этишларини билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

“Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши
Ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+