Чорак асрлик сарсонгарчилик барҳам топди

12.03.2024 15:03:57

Ҳафта бошида хоразмлик журналист Наргиза Бўронованинг ютуб каналидаги “Экранга сиғмаган гаплар” муаллифлик лойиҳасида Хоразм вилоят Урганч тумани “Оқ олтин” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли далада 25 йилдан бери уйсиз, паспортсиз, оиласиз яшаб келган, 1958 йилда туғилган Самандар ота Худайберганов тўғрисида эълон қилинган видеолавҳа кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Албатта, ушбу лавҳа Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини ҳам бефарқ қолдирмади. Партиянинг Хоразм вилоят кенгаши фаоллари, депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Самандар Худайберганов яшаб келаётган далага бориб, унинг яшаш шароити билан танишди.
Ҳақиқатан ҳам Самандар Худайберганов яшаш учун ҳеч қандай шароит мавжуд бўлмаган, санитария-гигиена талабларига умуман мос келмайдиган ҳолатда, яъни дала четида ўзига қўлбола кулба ясаб олиб, узоқ йиллардан буён ана шу кулбада яшаб келаётган экан. У шу ҳудудга яқин маҳаллаларга бориб, шиша идиш, баклажка, қоғоз ва бошқа чиқиндиларни тўплаб, сотиб топган маблағи эвазига кун кечириб келган.


Самандар ота Худайберганов билан учрашган ишчи гуруҳ аъзолари суҳбат жараёнида отахоннинг қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолгани билан қизиқишди.
– Тош қаттиқми, бош қаттиқ, деган иборани мана шу далада ўтган 25 йиллик умрим давомида жуда чуқур англаб етдим, – деди отахон партия фаоллари билан суҳбатда. – Кутилмаганда бошимга тушган оғир кунларда эсанкираб қолдим. Соддалигим туфайли фирибгарларнинг алдовига учиб, бир кунда бор-будимдан, уйимдан, оиламдан, бола-чақамдан айрилдим. Бунинг устига ҳужжатларимни ҳам йўқотиб қўйдим. Ўша пайтларда бош уриб бормаган жойим қолмаган. Лекин ҳеч ким мени эшитмади. Охири “бу дунёда ҳақиқат йўқ экан”, деб ҳаммасига қўл силтаб, шу даладан паноҳ топдим. Қишнинг изғиринли кунларида азоб тортдим, соғлигим бўлмаганида меҳрга муҳтож бўлдим. Лекин тан олиб айтмасам гуноҳ бўлади, ўтган йиллар мобайнида ҳолимдан хабар олиб турган, озиқ-овқат, кийим-кечак берган саховатпеша инсонлар ҳам бўлди.
Самандар отанинг айтишича, у бундан 25 йил муқаддам Урганч шаҳридаги маҳаллалардан бирида, ўз уйида, фарзандлари ва оиласи бағрида яшаган. Устачилик қилиб, оила тебратган. Кейинчалик фирибгарларнинг гапига кириб, тенгшерикликка тадбиркорлик қилиш мақсадида уйини сотиб, пулни ўзи ишониб юрган таниш-билишларига беради. Орадан маълум бир муддат вақт ўтиб, унга қоп-қоп ваъдалар бериб, уйнинг пулини олганлар ўзларининг қарздор эканликларини тан олишмайди…
Шу тариқа отахон уйсиз қолади. Эрининг тайёр уйни сотиб, кўчада қолганидан жаҳли чиққан турмуш ўртоғи фарзандларини олиб, Қирғизистон Республикасига – ота уйига кўчиб кетади…
Ҳаёт синовлари олдида ожиз қолган Самандар ота эса уйсиз, кўчада қолади…
Партия ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан Самандар ота шаҳарга олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Вақтинча Хонқа туманидаги "Мурувват уйи"га жойлаштирилди. Саховатпеша депутатимиз отага бош-оёқ кийим-бош қилиб берди. Айни кунда партия фаоллари томонидан Самандар отага Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан паспорт олиб бериш учун керакли ҳужжатлар шакллантирилди ва рўйхатга олинди. Шунингдек, отани нафақа билан таъминлаш ҳамда доимий яшаш жойи масалаларини ҳал этиш ишлари бошлаб юборилди.
Айни дамда отахоннинг қувончи чексиз. Бугун биз бир кун аввал кўрган Самандар отанинг бутунлай акси бўлган, ҳаётдан рози, кўзлари қувончдан порлаб турган инсон билан Хонқадаги "Мурувват уйи"да яна учрашиб, суҳбатлашдик.
– “Адолат” партиясининг адолатли фаоллардан жуда миннатдорман, – деди отахон биз билан суҳбатда. – Тўғрисини айтсам, мен аллақачон ҳамма нарсадан умидимни узиб бўлган эдим. Яшашнинг қизиғи қолмаган эди. “Адолат” фаоллари менга умид беришди. Мен ҳам инсон эканлигимни, менинг ҳам яшашга ҳаққим борлигини ёдимга солишди. Шунча йилдан бери бугун иссиқ хонада, юмшоқ тўшакда ухладим. Бу юртда адолатпарвар инсонлар борлигига иймон келтирдим. Ҳозир ич-ичимдан ҳамма-ҳаммангизга минг бор ташаккур, яхши одамлар, дегим келаяпти…
Дарҳақиқат, инсон қадри баланд бўлган юртда ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди. Партиямиз кўмаги билан энди Самандар ота ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлади. Унинг кўп йиллик орзу-умидлари рўёбга чиқади, қадди ва қадри баланд фахрийларимиз сафидан жой олади, кексаликнинг бебаҳо лаҳзаларидан баҳраманд бўлади.
Беихтиёр ҳазрат Алишер Навоийнинг мангуликка дахлдор байти ёдга тушади:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Дарҳақиқат, юртимизда Инсон азиз, Инсон мукаррам. Бу ҳикматга содиқ қолган ҳолда, бир ватандошимизнинг эгилган қаддини тиклаган, ҳаётдан зада кўнглига ишонч ва қувонч туйғуларини олиб кирган, бугунги ва эртанги кунига қатъий ишонч уйғота олган партиядошларимизнинг бу савобли иши кўпчиликнинг олқиши ва самимий эътирофига лойиқ бўлиши шубҳасиз.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши
матбуот котиби.

Манба"Адолат" газетаси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+