Дастурий вазифаларимиз ижросини таъминлаётган устозлар

04.10.2019 17:10:47

“Ўқитувчи ва мураббийлар куни”  Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг барча туманларида кўтаринки руҳда ўтказилди. 

Хусусан, Учтепа  туманидаги 283-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда ҳам устозлар улуғланди. Уларнинг номига ўқувчилар томонидан бетакрор таърифлар берилди. Дарҳақиқат, устоз отангдек улуғ, деган  ҳикматда ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром мужассам. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир. 

Унда мактаб ўқувчилари томонидан устозларни улуғловчи шеър, куй-қўшиқлар ижро этилди. Шогирдлар томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлар ўқитувчиларга бир олам завқ улашди.

Тадбир давомида партиянинг Учтепа туман Кенгаши раиси Бехзод Абдухолиқов сўзга чиқиб, устоз-мураббийларни байрам билан муборакбод этди. Уларга шарафли ва машаққатли касбларида ҳамиша эъзозда бўлиб юришларини тилади. Шунингдек, дастурий вазифаларимиз ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган мактаб директори Нодира Қамбарова, ўқитувчилар Сабохон Абдуллаева, Дилором Назароваларга ташаккурнома ва совғалар топширилди.

Байрам тадбирлари Тошкент шаҳрида давом этмоқда.

Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+