Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси давом этмоқда

08.02.2024 16:02:07

   Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан жорий йилги Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, унда партия Марказий аппарати ҳамда партия ҳудудий Кенгаши ходимлари, депутатлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.


   Тадбирда таъкидланганидек, Давлат дастури лойиҳасининг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишининг 25 мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган амалий чоралар белгиланган.
   Хусусан, лойиҳада хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерларини ташкил қилиш, ўрганиш натижалари бўйича электрон порталлар орқали хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни реализация қилиш каби долзарб ташаббуслар назарда тутилмоқда.


   Қолаверса, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишлари самарадорлигини ошириш учун 1 млн нафар ҳомиладор ва 1,5 млн нафар бола эмизувчи аёлларни йод препарати билан, 5,9 млн нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш борасидаги муҳим ташаббусларнинг дастурда акс этиши нафақат ижтимоий муҳтож аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш, балки ёш авлоднинг соғлом ўсиши учун қилинаётган эзгу амалларнинг ёрқин ифодасидир.
   Тадбир иштирокчилари томонидан лойиҳада белгиланаётган аксарият вазифалар аҳоли, айниқса, аёл-қизларимизнинг муаммолари ва зарурияти билан ҳамда партия мақсад ва ғояларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланиб, улар томонидан лойиҳа қизғин муҳокама қилинди.
   Шу билан бирга, реабилитациядан ўтган хотин-қизлар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш борасидаги вазифанинг белгиланиши партия фаол аёл-қизларининг эътибор марказида бўлиб, бу шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ва уни обрўсизлантиришга олиб келмаслиги лозимлиги бўйича таклиф ва тавсиялари илгари сурилди.
   Мазкур тадбирда ҳам депутатлари ва ҳудудий Кенгаш масъуллари, партия фаоллари, айниқса, хотин-қизларимиз ва ёшларимиз бу борада қатор аҳамиятли таклифлар билдираётгани алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+