Давлат тили мавқеини ошириш масаласи муҳокама этилди

24.09.2020 15:09:59

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси” ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига 31 йил тўлиши муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, Она тилим!” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш департаменти, “Шарқ юлдузи”-“Звезда востока” журналлари таҳририяти, Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар Сергели тумани бўлими, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти профеесор –ўқитувчилари ва масъул раҳбар ходимлари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришдан иборатдир.

Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очди ва тадбирнинг асосий мақсадига тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдукамол Рахмонов сўзга чиқиб, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, истиқлол йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўзбек тилида иш юритиш, ҳужжатлар тайёрлаш бўйича қўлланмалар яратилди. Мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ҳамда луғатлар, дарслик, ўқув қўлланмалар нашр этилди ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.

Учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Турсунов сўзга чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат тили мавқеини янада оширишга тўсиқ бўлаётган қатор долзарб муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. 

Тадбирда 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби ҳамда “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмасининг тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Мутахассис ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан мустақиллик йилларида ўзбек тили нуфузини ошириш йўлида амалга оширилаётган амалий ислоҳотлар, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг 31 йиллиги муносабати билан олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишлар, шунингдек, юқорида номлари келтирилган китоб ва қўлланмаларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Сирожиддин Рахмоналиев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори:

-Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Конференцияда кўтарилган мазкур мавзу кўп қиррали, залворли, ўта масъулиятли масала ҳисобланади. Табиийки, уни бир суҳбат доирасида тўла қамраб олиш имконсиз. Бугун суҳбатдошлар томонидан мавзуга оид айрим жиҳатларгина тилга олинди.

Давлат тили, унинг нуфузини оширишга бағишланган тадбирлар, давра суҳбатлари давом этади.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+