Давлатлар тақдири ва тараққиётини белгиловчи асосий куч, бу — мамлакат ёшлари

15.01.2024 14:01:00

Бугун дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёнлари ҳар бир давлатдан қисқа фурсатларда тезкор қарорлар қабул қилиш, ўзгарувчан сиёсий мулоқотларга шиддат билан мослашишни тақозо этмоқда. Бу жараёнда ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, давлатлар тақдири ва тараққиётини белгиловчи асосий куч, бу — мамлакат ёшлари.
Шу боис, юртимизда сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.


Хусусан, ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти, уларни қўллаб-қувватлаш учун эса “Ёшлар дафтар”и ташкил этилди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етказилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунгача қисқарди. Айни кунга қадар алоҳида эътиборга муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 минг нафарининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. 94 минг нафарининг бандлиги таъминланиб, 56 минг нафари касб-ҳунарларга ўқитилди.
Шу билан бирга, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандига ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг давлат олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт пулларининг бир қисмини тўлаб бериш, янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилди.
Ёшларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасида сўнгги етти йилда таълим соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида олий таълим билан қамров даражаси 2017 йилдаги 9 фоиздан 42 фоизга, ОТМлар сони 74 тадан 213 тага, уларда таҳсил олаётган талабалар сони 314 минг нафарда 1 миллион 300 минг нафарга етказилди.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредити бериб келинмоқда. Магистратура босқичида таҳсил олиш истагида бўлган хотин-қизларнинг контракт пуллари қайтариш шартларисиз давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда.
Шунингдек, республикамизнинг энг олис ҳудудларидаги иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини, стажировкадан ўтишини ташкил этиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти, имкониятлари янада кенгайтирилди.
Ўтган қисқа вақт ичида жамғарма ҳисобидан хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиб, билим ва тажрибасини бойитиб қайтган юзлаб ёшларимиз юртимизда соҳалар ва тармоқлар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Шу билан бирга, хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи юқори бўлган ёшларни тил ўрганиш, халқаро даражадаги сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, охирги 3 йил ичида халқаро имтиҳон тизимларида 70 фоиздан юқори натижа қайт этган 22 минг нафардан ортиқ ёшларга 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар тўлаб берилган.
Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уларнинг ҳаётига бевосита алоқадор бўлган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлашда Ёшлар парламенти ҳам муҳим ҳуқуқий институт бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган вақт давомида Ёшлар парламенти аъзоси сифатида ўз тенгдошлари томонидан сайланган юзлаб ёшлар қизғин муҳокамадан ўтказилиб қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси ва қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар жараёнида фаол ва қатъий позициясини билдириб келмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кенг жамоатчилик ва халқимиз, хусусан, ёшларимиз таклиф ва ташаббуслари асосида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга ҳам илк бор ёшларга оид бир қатор нормалар киритилди. Жумладан, Конституциянинг 78-79-моддаларида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги, давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланди.
Қолаверса, “Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳам ёшлар сиёсати борасида бошланган ҳар бир ташаббус изчил ва юқори натижалар билан давом эттирилиши белгиланган. Жумладан, ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда 1 тадан “Креатив парк”лар фаолиятини ташкил этиш, уларга йилига камида 40 минг нафар ёшларни жалб қилиш белгиланган.
Ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида 400 минг нафар ёшлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш, ҳар йили 500 нафар истеъдодли ёшларни хорижнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юбориш назарда тутилган.
Хусусан, “Ўзбекистон-2030» стратегиясининг дастлабки йилини амалга оширишга қаратилган 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам илм-фан, инновация, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Албатта, юқорида санаб ўтилган ёшлар сиёсатига оид ислоҳотлар натижаси ҳар бир юртдошимизни қувонтириши аниқ. Боиси замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир, садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш барча режа ва мақсадларимизни ҳаракатлантирувчи локомотив куч саналади.

Муҳаррам Дадахожаева,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.

Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+