Давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинди

07.02.2024 16:02:25

“Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппаратида “Ўзбекистон-2030" стратегиясини 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда партиянинг Марказий ва ҳудудий кенгашлари ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти, “Ёшлар парламенти” аъзолари иштирок этди.

Тадбирда Давлат дастурида назарда тутилаётган, жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсад-вазифалар алоҳида қайд этилди.

– Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон-2030" стратегиясининг 5 та йўналиши кесимида 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати белгиланмоқда, – деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова. – Бунда ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида кенг кўламли ислоҳотлар назарда тутилган. 

Лойиҳага кўра, 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади. Мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва истеъдодини юзага чиқариш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши лозим бўлади. 

Шунингдек, “Келажак касблари” лойиҳасини ташкил қилиш орқали ўқув марказлари билан ҳамкорликда ёшларни 3D моделлаштириш, робототехника, мобилография, маркетинг, график-дизайн, анимация каби замонавий йўналишларда ўқитиш, танлов асосида келажак авлоднинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғояларини саралаш каби ёшларни қўллаб-қувватлашга доир муҳим вазифалар белгиланаётгани эътиборга молик. 

Давра суҳбатида депутатлар, партия вакиллари ва фаол ёшлар ҳужжат лойиҳаси юзасидан ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, ишсизлар, ёшлар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган аҳоли ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг балансини шакллантириш ҳамда уларни маҳалла раислари орқали аниқ рўйхат асосида платформага киритиш чораларини кўриш масаласига эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида сурункали касалликларни барвақт аниқлаш ва бундай хасталикларни кескин камайтириш учун бола туғилганидан бошлаб ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказиш каби муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+