Депутат 120 нафар болажонлар ташвишида

23.12.2020 18:12:13

 

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Маъмирова сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, Жалақудуқ туман ҳокимлигида ташкил этилган қабул давомида фуқаролар ўзларини  қийнаётган бир  қатор муаммолар билан халқ вакилига мурожаат қилдилар.

Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғини, Янги турмуш кўчасида яшовчилар номидан  келган фахрийлар давлатимизнинг бугунги сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хурсанд. ОАВ орқали республикамиздаги янгиликларни кузатиб, эртанги кунимиз янада фаровон бўлишлигидан кўнгиллари тўқ. Бироқ уларни ўйлантираётган масалалар ҳам йўқ эмас.

Ойистахон БЕРДИҚУЛОВА, маҳалла фаоли:

-Сайловлар олдидан ўтказилган учрашувларда сиёсий партияларнинг дастурлари билан яқиндан танишганмиз. “Адолат”чиларнинг халқчил ғоялари бизга мақул бўлганди. Жумладан, ёшлар ва таълим масаласига қаратилган ғоялари жуда ўринли. Бугун бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг иштироки ва ўрни катта. Шу сабаб биз айни шу масалада ўз вакилимизга мурожаат қилдик. Ҳудудимизда илгари 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси бор эди. Эскиргани сабаб бу жойдан фойдаланилмаётгани учун тадбиркорга берилган. Энди болаларимиз учун МТМ йўқ. Жойларда замонавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилаётганини кўриб, бизнинг фарзандларимиз ҳам шундай жойларда тарбия олса деймиз.

Яна бир неча маҳалла фаоллари бу таклифни қўллаб-қувватлади. Уларнинг ҳисоби бўйича шу кўчада яшовчи 120 нафар бола ҳозирда МТМга мухтож.

Депутат О.Маъмирова бу масалани алоҳида назоратга олишини билдирди. Чиндан ҳам фарзандларимизни комил инсон бўлиб улғайиши бошланғич таълимга боғлиқ. Масала ижобий ечим топмагунча ота-оналарнинг ташвиши уни ҳам ташвиши эканлигини айтди.

Фуқаро Ойистахон Асқарова тиббиёт тизимида ишлайди. Икки нафар фарзанди котракт тўлови асосида ўқимоқда. Етарли иш ўрнига эга эмаслиги оиладаги иқтисодий етишмовчиликка сабаб бўлмоқда.

Яна кимдир суюлтирилган газ баллони ололмаётгани, кимдир ичимлик сув муаммоси, кимдир ички кўчалардаги йўлларни таъмирлаш зарурлигини билдирди. 5 та муаммо жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар ечимини  депутат ўз  назоратига олди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+