Депутат 5 мингга яқин ўқитувчи ва тарбиячиларнинг муаммоларини ҳал қилди

14.03.2024 14:03:57

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг фаоллигидан сайловчилар мамнун. Хусусан, партиямиздан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматова мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлашдаги фаоллиги сайловчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаоллиги эътирофга муносиб.
Яқинда сайловчилар билан ўтказилган учрашув ва мулоқотларда мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилаётганлиги маълум бўлди.
Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 292-моддасида “Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш”, ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан у дастлабки ёки даврий хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 10.07.2012 йилдаги “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда тумандаги мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тасдиқланган.
Жумладан, Низом талаблари асосида туман мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳар йилда бир маротаба пуллик тиббий кўрикдан ўтказилиши, бунинг учун бўлим томонидан ҳар бир ходим учун ўртача юз минг сўмдан жами 458 млн. сўм атрофида пул кўчириб берилиши лозим эди.
Хусусан, Навоий вилоятининг Навбаҳор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли жами 37 та умумтаълим мактабларида 3 950 нафар ҳамда 17 та мактабгача таълими муассасаларида 637 нафар ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бироқ, “Адолат” СДПдан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматова Навбаҳор туманидаги ўз сайловчилари билан учрашувларида мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимлари ортиқча сарф-харажатлар билан ўз ҳисобларидан тиббий кўрикдан ўтиб келишаётганлиги маълум бўлди.
Соҳа ходимларининг бир неча йиллардан буён турли идораларга қилган мурожаатлари эса натижа бермаган. Депутат мазкур масала юзасидан жорий йилнинг 12 февралида Навоий вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж. Хаджаевга депутатлик сўрови юборган эди. Ушбу депутатлик сўрови юзасидан Навоий вилоят ва туман прокуратуралари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, муаммога қонуний ечим топилди.
Натижада, Навбаҳор туман прокуратурасининг амалий ёрдами билан 2023 йилнинг 4-чораги ва 2024 йилнинг январь ойида тумандаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг 4 587 нафар ходимлари бепул тиббий кўрикдан ўтказилишига эришилди.
Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 2024 йил учун тасдиқланадиган асосий харажатлар сметасида ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш харажатларини киритиш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Навоий вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+