Депутат аҳоли муаммоларини ўрганмоқда

21.12.2020 14:12:39

 

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикасидаги Элликқалъа тумани Халқ қабулхонасида ва тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабул ўтказишдан бошлади. Ўтказилган ушбу учрашувда туманнинг маҳалла фаоллари ва ҳудуд аҳолиси ўзларининг мурожаатлари, муаммолари ва таклифлари билан қатнашдилар.

Сайёр қабул давомида фуқароларнинг ижтимоий ёрдам, электр таъминоти, газ, ички йўллар каби масалалар бўйича мурожаатлари тингланди.  Мурожатларнинг кўпчилиги жойида ҳал этилди.  Муддат талаб этилувчи муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан туманнинг тегишли мутасадди ташкилот ва идораларига топшириқлар берилди. Сайёр қабулда тушган мурожаатларнинг ижросини назоратга олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб олинди.

Куннинг иккинчи ярмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова Элликқалъа тумани Тиббиёт бирлашмасида бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди ва ушбу тиббиёт муассасаси ходимлари билан ҳам учрашди. Учрашувда депутат кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини тубдан яхшилаш бўйича Президентимиз томонидан имзоланган қатор қарор ва фармонларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб ўтди. Учрашув давомида тиббиёт ходимлари томонидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Тумандаги таълим сифатини ўрганиш мақсадида депутат тумандаги 61-сонли умумтаълим мактабига ҳам ташриф буюрди.

Шундан сўнг, депутат ушбу тумандаги “Қаватқалъа” МФЙ, “Навоий” МФЙ, “Янгиер” МФЙ, “Элликқалъа” ОФЙ ва “Ақчакўл” ОФЙларида истиқомат қилаётган аҳоли билан учрашди. Учрашув давомида маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бор шахслар  ҳолидан хабар олиниб, уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, “Навоий” МФЙ ҳудудида ногирон фарзандини тарбиялаётган М.Атажанова оиласига газ плитаси совға қилинди. Бундан ташқари “Элликқалъа” ОФЙ ҳудудидаги А.Худайберганова ва “Ақчакўл” ОФЙдаги А.Салимовлар оиласидаги ногирон фарзандлари ҳолидан ҳам хабар олинди ва бепул озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия сифатида тарқатилди.

Шу каби депутат учрашувлари худуднинг бошқа жойларида ҳам амалга оширилиши назарда тутилган.

 

“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+