Депутат ким? Унинг мажбуриятлари нимадан иборат?

20.03.2020 15:03:04

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар бу албатта, халқнинг фаровонлигини ошириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўринга эришишдан иборатдир.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатномасининг асл мақсади ҳам халқ вакиллари бўлган депутатларни халқимизга яқинлаштириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва фуқароларнинг ўзи сайлаган номзодларига ва сиёсий партияларга бўлган ишончини оширишдан ибордир.

2019 йил мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда халқимиз муносиб иштирок этди ва ўзи ишонган номзодга овоз берди. Халқ энди унинг натижаси сифатида самарали натижаларни кутади.

Шу мақсадда халқнинг вакили бўлган депутат асли ким экани, уларнинг вазифалари нималардан иборат экани янги хақл вакили учун муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Партиянинг йиллик иш режасида белгиланган вазифадан келиб чиқиб, жорий йилнинг 6 мартдан 14 март кунлари оралиғида вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган депутатлар учун “Депутатларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ваколатлари” мавзусида ҳудудий кенгайтирилган назарий ва амалий машғулот тарзида семинар-тренинглари ўтказилди.

Аввало семинарларда депутатнинг қиёфаси қандай бўлиши, унинг фикри-зикри билан халқнинг энг яқин одами, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс эканлиги ва унга муносиб бўлиш лозимлиги тушунтирилди.

Семинарлар Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан (6 март), Қорақалпоғистон Республикасида (13 март), Бухоро вилоятида (10 март), Самарқанд вилоятида (11 март), Сирдарё вилоятида (12 март), Қашқадарё вилоятида (12 март), Сурхондарё вилоятида (12-13 март), Андижон вилояти (13 март), Тошкент вилояти (13 март) кунларида бўлиб ўтди.

Семинарларда аввало депутатлар билиши ва ўқиб ўрганиши лозим бўлган Аввало  “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тўхталиб, унинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Айниқса қонуннинг 5-моддасида келтирилган депутат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги, Қонуннинг 7- моддасида эса депутатнинг сайловчилар билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туриши, тегишли халқ депутатлари Кенгашида уларнинг манфаатларини ифода этиши ва фуқаролардан  тушган мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқади, уларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўриши белгилаб қўйилганлиги семинарда халқ вакилларига тўлиқ тушунтирилди. Айниқса уларнинг билишлари зарур бўлган яна бир масала ўз сайлов окрукларида йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот бериб боришлари уқтирилди.

Депутатлар учун ўқув давомида сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган, шунингдек уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган депутатлар қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкинлиги аниқ мисоллар орқали слайдларда кўрсатиб ўтилди.

Қонунининг 8-моддасида депутатнинг фуқаролар мурожаати бўйича депутатлик сўровларини тайёрлаш келтирилган бўлса, маърузачиларимиз томонидан депутатларга амалий тарзда кўрсатилиб, унинг механизмлари слайдлар орқали назарий тушунтирилди.

Аслида депутат сайланган ҳудудида жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли эканлиги юборилган депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб бериши лозим эканлиги семинар доирасида тушунтирилди.

Депутатларга шу ҳам англатилдики, депутатлик сўровлари судларнинг раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмаслиги уқтирилди.

Ҳудудларда ўтказилган амалий семинар давомида “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  6-, 7-моддалари – ҳокимларни сайлаш масалалари ҳам қонучилик нуқтаи назаридан депутатларга тушунтириб ўтилди.

Семинарда асосий эътибор қаратилган яна бир қонун “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди. Ушбу қонуннинг 6, 9, 10, 17, 18, 19 ва 20 моддалари таҳлил қилинди ва депутатларга тушунтирилди.

Амалий ва назарий семинарда партия ва депутатни бевосита боғлаб турувчи “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятига тўхтилиб ўтилди.  

Депутатларга билдирилган ишонч, ваколатлар, имтиёзлар ва дахлсизлик ҳуқуқи берилади. Демак, бу фаолият билан шуғулланувчиларнинг ахлоқий-маънавий қиёфаси ҳам ишончга лойиқ бўлиши лозим.

Депутат ўз фаолияти давомида қуйидаги тамойилларга таяниб иш кўриши керак:

1) қонунийлик – ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунга зид ҳаракат қилмаслик;

2) ижтимоий адолат – ҳамиша холис ва одил бўлиш;

3) фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш;

4) сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда умумдавлат манфаатларига қарши бормаслик, аксинча, уларнинг уйғунлигини таъминлаш;

5) сайловчилар олдидаги масъулиятни ҳамиша ҳис қилиш;

6) очиқлик ва ҳисобдорлик (сайловчиларни ўз фаолияти ҳақида хабардор қилиб бориш);

7) сайловолди дастурига қатъий амал қилиш, ваъдаларни бажариш;

8) ўз ваколати доирасида қонун меъёрларидан ташқарига чиқмаган ҳолда мустақил ва эркин ҳаракат қилиш;

9) ҳалол, тўғрисўз ва журъатли бўлиш;

10) фаоллик ва ҳозиржавоблик.

Семинардан кўзланган мақсад депуталарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатлари тушунтирилиши асносида улар ўз ваколатлари доирасида сайловчилар билан узвий ишларни амалга оширишлари энг тўғри йўл деб ўйлаймиз ва барча депутатларни маъсулиятли вазифаларини бажаришларида фаолликка чорлаймиз.

 

Гулнисо САИДОВА,

партиянинг дастурий ва ўқув методик

кўрсатмаларини ишлаб чиқиш сектори мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+