Депутат маҳаллада олиб борилаётган ишларни ўрганди

11.01.2024 16:01:37

Бугун республикамизнинг қайси бир ҳудудига борсангиз ҳам, обод маҳаллага айланиб, янгиланиш ва ўзгаришлар юз бериб, аҳолининг яшаш шароити яхшиланаётганидан кўнглингиз кўтарилади.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, “инсон қадри” тамойили асосида ҳар бир инсоннинг ҳаётдан рози бўлиб яшаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, айни кунда маҳалланинг жамиятдаги, инсонлар ҳаётидаги ўрни, роли ва нуфузи янада ортиб бормоқда. Буни Ангор тумани маҳаллаларида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.


Шу хусусда Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамраев бошчилигидаги ишчи гуруҳи Ангор туманидаги “Гулзор” МФЙда олиб борилаётган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар ҳолатини ўрганиб, маҳалла фаолияти билан танишдилар.Ўрганишлар асносида мазкур маҳаллада ибратли ишлар олиб борилаётганлиги маълум бўлди.


Жамшид Раҳмонқулов, Ангор тумани “Гулзор” МФЙ раиси:
- Айни кунда маҳалламизда 2500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалламизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда, маҳалламизда ишлар намунали йўлга қўйилган.


Маҳалла фуқаролар йиғини қошида фаолият олиб бораётган яраштириш, хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари, “Қайноналар кенгаши”, “Ота-оналар университети”, “Қизларжон” клуби сингари қатор жамоат тузилмалари томонидан туман ҳокимлиги, ички ишлар, халқ таълими бўлимлари, хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, Ёшлар агентлиги туман бўлими, туман маънавият-маърифат бўлинмаси, ФҲДЁ бўлимлари мутахассислари, шунингдек, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган меҳнат фахрийлари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ижобий натижалар бермоқда.
Жумладан, “Фахрийлар-фахримиз”, “Энг китобхон оила”, “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Огоҳлик — давр талаби”, “Қайнонам — онам менинг”, “Маҳалла маликаси”, “Ораста келин” сингари тадбир ва танловлар маҳалламизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ўтказилаётган бу каби тадбирлар, қолаверса, олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик ҳолатлари кескин камаймоқда, фуқароларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси, бунёдкорлик борасидаги фаоллиги ортмоқда. Хусусан, ёшлар тарбияси, маънавиятини юксалтиришда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги қўл келмоқда. Ушбу ҳамкорлик асосида ўқувчи ёшларнинг фаоллигини ошириш, бўш вақтларини тўғри ташкил этиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда, қолаверса, уларнинг турли иллатлар, диний-экстремистик оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолишларининг олди олинмоқда. Маҳаллаларда фаолият олиб бораётган “Қизларжон” клуби машғулотлари эса қизларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги, шунингдек, маънавияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.
Маҳаллада ташкил этилган “Қизларжон” клуби машғулотлари шифокорлар, ҳуқуқшунослар, меҳнат фахрийлари, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар иштирокида ўтказилиб келинмоқда Маҳалла қизлари орасталик, одоб-ахлоқ, миллий қадриятлар, оиладаги бурч ва вазифалар хусусида кенг билимлар олмоқда.
Ўрганишлар жараёнида маҳаллада оилавий тадбиркорлик кўлами, хусусан, тикувчилик, касаначилик турлари билан шуғулланадиган оилалар хонадонига ҳам ташриф буюрдилар. Уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилганлиги, айниқса, “устоз-шогирд” анъанаси асосида олиб борилаётган ишлар натижасида маҳалладаги кўплаб ёшлар бўш вақтларида ҳунар ўрганаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, маҳалладаги жуда кўп оилалар томорқадан унумли фойдаланаётганлиги ва фойдаланиш ҳисобига яхши даромадга эга бўлаётганлигидан мамнун эканликларини билдирдилар.
Ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.

Шоҳида Холлиева,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+