Депутат мушкулимизни осон қилди

01.02.2024 02:02:29

   Қарлиқ Муборак туманидаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган қишлоқлардан бири. Маҳалла фуқаролари деҳқончилик, чорвачилик касбини мукаммал ўзлаштирган. Ишбилармонликда ҳам яхши натижаларга эришиб келишаяпти. Республикада қарлиқ бодомлари довруқ таратган. Бир сўз билан айтганда, қишлоғимиз одамлари Президентимиз юритаётган инсонпарвар сиёсатни қўллаб-қувватлаб, барча жабҳада кечаётган ислоҳотларда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
   Кейинги йилларда бизни бир муаммо жиддий ўйлантириб келаётган эди. Қишлоғимиз шундоққина ер остидан қазиб олинаётган газни қайта ишлаб, хорижга ва республикамиз шаҳар, қишлоқларига етказиб бераётган Муборак газни қайта ишлаш заводи ёнида жойлашган. Шундай бўлса-да, халқимиз узоқ йиллар давомида табиий газдан бебаҳра бўлиб келди. Биз шу муаммони атрофлича ўрганиб, ҳал қилиб бериш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати - Махфурат Хушвақтовага мурожаат қилган эдик. Депутат одамларни қийнаб келаётган муаммо юзасидан мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш юритиб, қишлоғимизга табиий газ қувурлари тортилишига жуда катта амалий ёрдам кўрсатди. Бугун очиқ ойдин айта оламизки, Махфурат Хушвақтованинг бевосита халққа қайишганликлари эвазига қишлоғимиз хонадонларига “зангори олов” ёна бошлади. Биз депутатдан миннатдормиз. Шундай эл-юрт ғамида камарбаста бўлаётган депутатлар кўпайсин.

Сирож Хўжамуродов,
Қашқадарё вилояти, Муборак тумани,
Қарлиқ МФЙ раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+