Депутат обрўйи ваъдада эмас, амалий ишида

21.12.2020 21:12:48

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Холбаева ўз округида бўлиб, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб келмоқда. Депутатнинг навбатдаги учрашувлари Янгийўл шаҳар ва туманидаги “Фаровон”, “Навбаҳор”, “Гулбахор” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди. Очиқ мулоқотларда маҳаллалар аҳлининг муаммолари тингланди.

Янгийул шаҳар “Фаровон” МФЙ да яшовчи фуқаро Умида Эрназарова мурожаатида янги қурилган уйга ариза берган ва тўловни амалга оширган. Аммо тўлов муддати баённомада кўрсатилган муддатдан ўтиб кетганлиги сабабли унга ваъда қилинган хонадон бошқа одамга расмийлаштирилганлиги ўрганишлар давомида маълум бўлди. У.Эрназарова халқ вакили Д.Холбаевадан ушбу масалани ижобий ҳал этилишида  амалий ёрдам сўради. Депутат ушбу  муаммо юзасидан шаҳар ҳокими Ф.Мирзаев билан учрашиб масалани  жойида ҳал этди. Натижада У.Эрназаровага уй расмийлаштириб бериладиган бўлди.

Шунингдек, депутатимиз эндигина тадбиркорлик фаолиятини юрита бошлаган Янгийул тумани “Навбахор” маҳалласи Гулбахор қўрғонида яшовчи хусусий тадбиркор Мухитдин Исроилов билан учрашди. М.Исроилов депутатдан 6 гектар ер майдонига эга  иссиқхонада  қулупнай етиштириш учун субсидия  олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, амалий ёрдам  сўради.

 Д.Холбоева мазкур масалани тегишли мутасаддилар билан ҳал этишни ўз зиммасига олди.

Депутат таълим масканларидаги замонавий шарт-шароитлар, соҳада учраётган муаммолар билан яқиндан танишиш максадида тумандаги 1- умумтаълим мактабида бўлди. 900 ўринга мўлжалланган мактабда ҳозирда 1900 нафар ўқувчи таълим олаётганлиги,  синф хоналарининг етишмаслиги сабаб бир қанча ноқулайликлар мавжудлиги аниқланди. Мактаб педагоглар жамоаси таълим муассасаси учун  қўшимча бино зарурлиги юзасидан амалий ёрдам сўрашди. Халқ вакили ушбу муҳим масаланинг ечимини таъминлаш мақсадида тегишли идоралар билан бамаслахат ҳал қилишга ваъда берди.     

 “Қўш тепа” маҳалласида ҳам қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, аҳоли сони 2 мингдан зиёд бўлган маҳаллада 480 нафар мактаб ўқувчиси, 300 зиёд мактабгача таълим ёшидаги болалар мавжуд. Минг афсуски, маҳаллада на мактаб бор, на боғча. Мактаб ўқувчилари 6-7 чақирим йўл босиб, қўшни  “Қора тепа” маҳалласидаги 17- мактабга қатнаб ўқийдилар.

Қишнинг қировли кунларида айниқса ёш болаларнинг шунча йўлни босиб мактабга қантнашларини тасаввур қилиш қийин эмас. Депутат Д.Холбаева ушбу муаммолар бўйича вилоят ҳокими Р.Холматов билан бевосита гаплашиб,  муаммо ечими бўйича тегишли карорга келдилар.

Бундан ташқари мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролардан суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига нисбатан эътирозлар, маҳалла ҳудудидаги ички йўллар ва электр симёғочлар  носозлиги, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар,  шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида бир қатор камчиликлар мавжудлиги  билдирилди.  

Депутатимиз  фуқаролардан юқоридаги масалалар бўйича аризаларни қабул қилиб, уларни боқичма-босқич  ҳал  этишни ўз зиммасига олди. 

Дарҳақиқат, депутатнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаси халқни рози қилиш экан, муаммонинг катта-кичикка ажратмай барчасига  виждонан ёндашилган тақдирдагина одамларнинг давлат вакилига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораверади. 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+