Депутат ўзи ўқиган мактаб ўқувчилари билан учрашди

04.04.2024 13:04:21

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят ҳамда Урганч шаҳар Кенгашлари ҳамкорликда шаҳардаги 17-сон умумтаълим ўрта мактабда, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирга партия фаоллари, депутатлари ҳамда мазкур мактабнинг ўқитувчи ва юқори синф ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган мақсад - Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати - Равшанбек Жуманиёзовнинг таклифига асосан, ўзи ўқиб, таълим олган мазкур мактаб ўқувчилари билан учрашув ўтказиш, уларнинг орзу ва истакларини амалга ошириш ҳамда мактабнинг бир гуруҳ иқтидорли ўқувчиларига партия томонидан таъсис этилган “Адолат дўпписи” ва “Адолат белбоғи” махсус совға ҳамда сертификатларни тантанали топшириш, ёшларни ўз иқтидорига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, уларни жамиятда муносиб ўринга эга бўлишларига замин яратишга кўмаклашишдан иборат бўлди.


Депутат - Равшанбек Жуманиёзов давлатимиз томонидан ёшларга қаратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳар томонлама билим ва кўникмаларни бойитиб бориш, ён-атрофга бўлган дахлдорлик масъулиятни чуқур англаб етиш, депутатликка номзодларни танлаш талаблари, депутатнинг бурч ва вазифалари каби бир қатор ҳаётий ва халқчил маслаҳатларни берди. Шунингдек, ёшларни орзу ва мақсадлари билан дилдан ўртоқлашди.


Лайло Қодирова, ўқувчи, тадбир иштирокчиси:
– Тадбирда сиёсий ва ҳуқуқий билимларимни бойитиш билан бир қаторда, олдимга қўйган мақсадларимни амалга ошириш учун керак бўлган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялардан ҳам баҳраманд бўлдим. Кўп йиллик орзумга айланган - “Адолат дўпписи” бошимга кийгизилганда зиммамга Ватан тақдирига дахлдорлик масъулияти янада кучайди. Кун келиб, бор иқтидоримни кучли сиёсатчи сифатида партиянинг ривожига муносиб ҳисса қўшаман.
Бир сўз билан айтганда, партия фаоллари томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёшларнинг ватанпарварлик ва интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+