Депутат саъй-ҳаракати билан маҳаллада дорихона очилди

20.07.2020 16:07:50

Бўстонлиқ туманининг олис қишлоғи – Пискомда яқин-яқингача аҳоли куннинг иссиқ, совуқ кунларида керакли дори –дармон учун 60 км масофали йўл босиб туман маркази дорихонлаларига келиб кетиши, устига-устак, уларда кўпгина дориларнинг топилмаслиги, борларининг эса нархи қимматлиги фуқаролар эътирозларига сабаб бўлаётганди.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Х.Мавлидинов “Писком” маҳалла аҳлининг дардига дармон бўлди. Халқ вакили Хуршед Мавлединов ташаббуси билан “Писком” МФЙ раиси Д. Олимжонов, ҚВП бошлиғи А.Туробов ҳамкорликда олиб борган саъй-ҳаракати ва депутатнинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига қайта-қайта юборган депутатлик сўрови натижасида “Писком” маҳалласининг қишлоқ оилавий поликлиникаси ичида ижтимоий дорихона ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Дорихона нархлари нисбатан арзон бўлган зарур фармацевтика маҳсулотлари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланган. Эътиборлиси, мазкур ижтимоий дорихонада мутахассислиги фармацевт бўлган 4 нафар йигит-қизнинг бандлиги ҳам таъминланди.

– Қарамоғимда туғма ногирон қизим бор, – дейди ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро Н. Абдуллаева. – Дори-дармон ва тиббиёт жиҳозларига кўп эҳтиёж сезамиз. Илгари олисдаги дорихоналарга бориб келишга, айниқса, қиш ойларида анча қийналардик. Йўл харажатини қўшиб ҳисоблаганда, дори 2-3 баравар қимматга тушади. Муқим иш ўрнига эга бўлмаган киши учун бу пулни топиш осон дейсизми? Топганини нуқул дорига сарфласа, рўзғори нима бўлади?! Қишлоғимизда ижтимоий дорихона тугул хусусий аптека ҳам йўқ эди. Зарурат туғилганида дорини туман марказидан бориб сотиб олар эдик. Айни пандемия шароитида уйимизга яқин жойда ижтимоий дорихона ташкил этилгани биз учун айни муддао бўлди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+