Депутат ташаббуси билан

01.11.2022 17:11:43

Янгиқўрғон туманида «Адолат» социал-демократик партиясининг нуфузи тобора ошиб бормоқда. Бу, биринчи навбатда аъзолар сафининг кенгайишида ўз аксини топмоқда. Қолаверса, сайловчилар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Бунда эса депутатларнинг улуши салмоқли бўлаётир.

Масалан, яқинда Оқтом қишлоғи фуқароларидан бир гуруҳи «Адолат» СДПдан сайланган депутат Гулчеҳра Усмоновага мурожаат қилди. Улар аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш таклифини билдирдилар. Депутат эса муаммони туман ҳокимлиги олдига қўйди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларидан ҳам ёрдам сўралди. Шу тариқа депутат ташаббуси билан оммавий тиббий кўрик ўтказишга қарор қилинди.

Белгиланган куни туман тиббиёт бирлашмаси ва вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг малакали шифокорларидан иборат гуруҳ Оқтомга етиб келди. Қишлоқ аҳли ўз вақтида огоҳлантирилгани учун тезда ишга киришилди. Врачлик пункти, 18-умумий ўрта таълим мактабида, шунингдек кўчма маммография ва мобил поликлиникада тиббий кўриклар ўтказилди. Бунда айниқса, кексалар, аёллар ва болаларнинг саломатлиги обдон ўрганилди. Касаллиги аниқланган кишиларни соғломлаштириш юзасидан йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди. Шунингдек, улар алоҳида рўйхатга олиниб, мунтазам назоратдан ўтказиб туриладиган бўлди.

– Тиббий кўрикдан сўнг бир қатор оқтомликлар билан суҳбатлашдик, - дейди «Адолат» СДП туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов. – Улар нафақат шифокорлардан, балки депутатдан ҳам миннатдор бўлишди. Чунки қишлоқ марказдан анча олисда жойлашгани учун ҳар куни шифокорлар кўригидан ўтишнинг иложи йўқ. Тиббиёт ходимларининг ўзлари ташриф буюргани эса ҳамманинг узоғини яқин қилди.

Шифокорлар қишлоқдаги уйларга ҳам кириб, беморларнинг шикоятларини тингладилар. Масалан, Муллабоевлар хонадонида оила бекасининг соғлиғидан қилган шикояти ўрганилди. Зарур тиббий маслаҳатлар берилди. Зоҳиджон Турсунов хонадонида эса олти ойлик Саидахонда аниқланган юрак етишмовчилигига даво изланди. Унга жарроҳлик амалиётини ўтказишда кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Шу куни қишлоқда туман ҳокимлиги томонидан сайёр савдо расталари ташкил этилди. Эҳтиёжманд оилаларга эса ҳомийлар тақдим қилган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+