Депутат ташаббуси билан Шўрчида эҳтиёжманд оилаларга кўмир тарқатилди

15.12.2022 12:12:23

Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлари ва фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда, бу йилги қиш мавсумини беталофат ўтказиб олиш, бу борада аҳоли хонадонларини иситиш тизими билан мунтазам таъминлаб туриш мақсадида юзага келаётган муаммоларни ўрганяпти, аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир, газ баллонлари билан таъминлаб беришда амалий кўмак кўрсатиб келмоқда.

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўроль Шерхонов тумандаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳолининг қишки мавсумга тайёргарлигини ўрганиш мақсадида фуқаролар билан учрашди.

Мулоқотда аҳоли томонидан эҳтиёжманд фуқароларга қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳамда хонадонларни иситиш учун кўмир билан таъминлаб беришда амалий ёрдам сўралди.

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўроль Шерханов аҳолининг мурожаатини ўрганиб, шу куннинг ўзида унинг ташаббуси билан тумандаги «Ёшғайрат» МФЙ фаоллари ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда маҳалладаги ногиронлиги бўлган, оғир касалликлар туфайли яшаш уйида ётиб қолган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар учун қиш мавсумида бир марталик кўмир маҳсулотлари тарқатилди. Депутатнинг ушбу саховатидан маҳалла аҳли мамнун бўлишди.

– Совуқ кунлар бошлансада етишмовчилик туфайли кўмир сотиб олишга имкон тополмаётган эдик, – дейди «Ёшғайрат» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулнора Чориева. – Қийин бир шароитда бепул кўмир берилгани оиламизни беҳад қувонтирди. Бунинг учун давлатимизга, шу хайрли ишнинг бошида турган барча яхши инсонларга раҳмат.

Шунингдек, туманда кўмир захирасини яратиш, аҳолини кўмир ёнилғиси билан таъминлашга қаратилган ишлар белгиланган режа асосида давом этмоқда.

Бобомурод Назаров,

Ўзбекистон «Адолат»СДП Шўрчи туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+