Депутат ёрдами туфайли бола меҳрибонлик уйига жойлаштирилди

03.11.2022 16:11:04

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева томонидан Тошкент шаҳар Яшнобод туманида ўтказилган сайёр қабул натижасида аҳолидан коммунал хўжалик, уй-жой, нафақа масалаларида кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Шуларнинг орасида Яшнобод туман “Уйсозлар” маҳалла фуқаролар йиғини Оҳанрабо кўчаси, 1-уй, 11-хонадонда истиқомат қилиб келаётган 2011 йилда туғилган Бакин Артём Викторович масаласи ҳам кўтарилган эди. Ушбу манзилда истиқомат қилувчи аҳолидан олинган маълумотга кўра, 11 ёшли Артёмнинг отаси йўқ, онаси номаълум сабабларга кўра ўз фарзандини ташлаб кетиб қолган экан. У яшайдиган квартирада кўп йиллардан бери фалаж бўлиб ётган узоқ қариндоши бор. Аммо қариндошининг қаровсиз болани ҳимоясига олганлиги тўғрисида хужжати йўқлиги ўрганилди.

Ушбу хонадон бутунлай қаровсиз бўлиб қолгани сабабли қўни-қўшнилар вақти-вақти билан овқат олиб чиқиб, ушбу хонадонга қўлдан келганча эътибор кўрсатишади. Артём эса шу ёшга етиб ҳам мактабга бормас, ҳаттоки гапириш ва атрофдагилар билан мулоқот қилиш кўникмаси охиригача шаклланмаган. Артёмнинг юпун кийинганини кўрган қўшнилар унга кийим олиб бериб, келажаги ҳақида қайғуришган, албатта. Шу боис ҳам, болакайни бирон бир болалар уйига жойлаштириш юзасидан мутасадди идораларга мурожаат этишган. Аммо аҳолининг мурожаатлари жавобсиз қолаверган.

Депутат Ойдин Абдуллаеванинг аралашуви билан 11 ёшли Артём Бакин “Болаларни ҳимоя қилиш маркази”га жойлаштирилди. Айни дамда Яшнобод тумани ҳокими карорига асосан мехрибонлик уйига жойлаштириш учун зарурий чоралар кўрилмокда.

Камола Тошхўжаева,

         ОМҚП депутати ёрдамчиси

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+