Депутатлар олий таълимни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар беришди

25.01.2021 22:01:25

Бугун олий таълим соҳасидаги юзада қалқиб турган кўплаб муаммолар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда бир қанча маҳаллий Кенгаш депутатларини масаланинг туб илдизи аслида қаерда, деган савол билан ўрганиш ишларини олиб боришга ундади.

Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари О.Абдуллаева, З.Шодиева ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Л.Хикматова, Б.Тўхтамуродов ва бошқалар Ўзбекистон миллий университетида бўлиб, мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганди.      Ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан қонунчиликкка бир неча таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши белгиланди. Жумладан, битирувчи кадрларни иш билан таъминлаш учун йил давомида вакансия ярмаркаларини ўтказиш,  мамлакатимизда битирувчилар Ассоциациясини ташкил этиш ва унда институтни битирган йирик давлат арбоблари, кўзга кўринган тадбиркорлар билан ўзаро бирлашиб, ОТМларга маблағ олиб киришини ташкиллаштириш, ҳар бир олий таълим муассасасининг ўз ҳудудида шахсий корхоналари бўлишини таъминлаш, (бу корхоналарда ўқув ва амалиёт жараёни интеграциялашувини юзага келтиради), монополлашиб қолган малака ошириш соҳасини ислоҳ қилиб, нодавлат малака ошириш муассасаларини очишга рухсат бериш, шунингдек, талабалари қарийб 17 000 нафарни ташкил этган мазкур университетда талабалар ётоқхонаси муаммоси мавжудлиги учун университет ҳудудида давлат-хусусий шерикчилик асосида хостеллар қуриш (университетда атиги 3600 та талабани ётоқхона билан таъминлашга имконият мавжуд), шу асосда ҳар бир ОТМни алоҳида шаҳарча сифатида барпо этиш, ОТМларда мустақил таълим хоналарини барпо этиш каби масалалар эндиликда яратиладиган янги қонун лойиҳаларига депутатлар томонидан таклиф сифатида олиб кирилиши, шунингдек маҳаллий Кенгаш сессияларида шу бўйича қарорлар чиқарилишига эришилиши каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+