Депутатлик гуруҳларида 

15.07.2022 17:07:19

Яқинда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашида фаолиятнинг биринчи ярим йил якунлари кўриб чиқилди. Партия ташкилотлари олиб борган ишнинг барча жиҳатлари атрофлича таҳлил қилинди. “Ғалвир сувдан кўтарилганда”, тўрақўрғонликлар аксарият кўрсаткичлар бўйича юқори ўринларни эгаллаганликлари маълум бўлди.  Дарвоқе, бу улар эришган дастлабки муваффақият эмас. Ўтган йили ҳам шундай юқори натижага эришилганди.

 – Фаолият самарадорлиги ҳақида гап кетганда у қатор омилларга боғлиқлиги барчага маълум, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Назаримда, улар орасида партия фаолларининг саъй-ҳаракатлари ва жонкуярлиги алоҳида ўрин тутади. Бусиз бир қадам ҳам олға силжиш мушкул. Айниқса, депутатларнинг ўрни беқиёсдир. Буни мен ўзим кўриб ва билиб турибман.

2019 йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда маҳаллий “адолат”чилар халқ депутатлари туман кенгашида учта ўрин эгалладилар. Тўғри, натижа кутилганидан пастроқ бўлди. Лекин депутатлик гуруҳи тузиш имконияти қўлга киритилди. Бу ҳам ўзига яраша ютуқ, албатта. Уч киши бўлса ҳам ҳамжиҳатликда ишланса, ҳар қандай мураккабликдаги вазифани адо этиш мумкин. Бунинг учун ҳар бир депутатдан тинмай изланиш ва ижодий меҳнат қилиш талаб этилади. Айниқса, сайловчилар билан ишлашни намунали йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Шу орқали партия нуфузини аҳоли ўртасида янада кўтариш, унинг танилувчанлигини ошириш мумкин. Натижада “Адолат” СДП ғоялари ва дастурларини кенгроқ тарғиб этиш имконияти ҳам вужудга келади. Биз сайловчиларнинг депутатлар, улар орқали эса партия фаолиятига берадиган баҳосини назарда тутмоқдамиз.

Фаолларнинг, айниқса, депутатларимизнинг ишлари кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлгандагина, фаолият самарадорлиги ҳақида сўз очиш мумкин. Бунинг учун эса депутатлар вақти-вақти билан сайловчиларга ҳисобот бериб туришлари зарурлиги сир эмас. Шу жараёнда ютуқларимиз ҳам кўзга ташланади, камчиликларимиз ҳам ошкор бўлади.

Йил бошида 26-Қатағон сайлов округидан туман кенгашига депутат Эркинжон Бориевнипнг сайловчилар билан ўтказган учрашувида қатнашишга тўғри келди.  Партиядошимиз ҳамқишлоқлари олдида 2021 йил давомида амалга оширган ишлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Бунда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ масалалар диққат марказида бўлганлиги эътиборга лойиқдир.

Масалан, сайловчилар талабига кўра ҳудудни ободонлаштириш бўйича айниқса, кўп иш қилинди. Депутат ташаббуси билан ўтказилган ҳашарлар яхши самара берди. Бу билан атроф-муҳит мусаффолиги таъминланди. Беш километрдан зиёд масофадаги ариқ-зовурларнинг тозалиги доимий назоратга олинди. Икки минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари экилганлиги эса кўкаламзорлаштириш даражасини оширди.

Ички йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам изчил иш олиб борилди.  Уста кўчасининг 100  метри асфальтланди. Янгиобод кўчасида  850, Ҳожимат бува кўчасида  600  метрга ҳомийлар кўмагида шағал ётқизилди.

Аҳолини электр қуввати билан таъминлашни яхшилашда депутатлик сўрови қўл келди. Туман электр тармоқлари корхонаси сайловчилар талабига кўра қатор ишларни амалга оширди.  Учта янги трансформатор пункти қайтадан жиҳозланди. 65 та эскирган симёғочлар алмаштирилди. Натижада электр таъминоти узлуксиз бўлиб қолди.

Бундан ташқари, Э. Бориев пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган қисми эҳтиёжларини қондириш бўйича ҳам изчил иш олиб борди. Бунда унинг МФЙ раиси сифатида ҳудудда яшовчиларнинг турмуш шароитларини яхши ўргангани қўл келди. Ўнлаб фуқароларга моддий ёрдам, озиқ-овқат, уй жиҳозлари етказиб берилди.

         – Мен Эркинжонни кўп йиллардан бери яхши танийман, - дейди шу ерда яшовчи меҳнат фахрийси Қудратилла Нажмиддинов. – Сайловчилар унинг ташкилотчилиги ва тадбиркорлигини, фуқаролар мурожаатларига бефарқ эмаслигини ҳисобга олиб, ишонч билдирган эдилар. Мана энди, адашмаганимиз аниқ бўлди. Депутатимиз бундан кейин ҳам шу тарзда фаолиятини давом эттиради, деб ўйлаймиз.

Эркинжон Бориев – халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси. У айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳисобланади. Ҳар икки вазифани бажаришда меҳнатсеварлиги ва фаоллиги, халқ иши учун жонкуярлиги билан ажралиб туради. Шу туфайли аҳоли ўртасида катта обрў-эътибор қозонган.

Бу, яқинда бўлиб ўтган маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловида яна бир бор кўзга ташланди. Депутатимиз МФЙ раислигига номзод сифатида келгуси уч йилда олиб боришни режалаштирган ишлари дастурини тақдим этди. Ҳамқишлоқлар уни маъқуллаб ва ишонч билдирган ҳолда кутиб олдилар. Партиядошимиз яна МФЙ раислигига сайланди. Бу эса депутатнинг навбатдаги синовдан муваффақиятли ўтганини билдиради.

- Депутатлик гуруҳи аъзолари билан тез-тез тўпланиб, жорий ва истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиб турамиз, - дейди “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Ҳар сафар Эркинжоннинг ўз фаолияти ҳақидаги ҳисобот барчамизда катта қизиқиш уйғотади. Гуруҳнинг бошқа аъзолари – Толибжон Босиджонов ҳам, Нуриддин Ваққосов ҳам уни саволга кўмиб ташлашади. Сафдошларидан намуна олишга интилишади. Бу эса умумий муваффақиятни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+