Депутатлик сўровидан сўнг интернет учун кабель тортилди

14.05.2020 17:05:12

Халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазиятга қарамай фаолиятни давом эттирмоқдалар. Улар сессияларда қатнашиб, муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Сайловчилар билан ишлаш ҳам онлайн тарзда давом эттирилмоқда.

Айниқса, 30-Куймозор округидан сайланган Толибжон Босиджанов ўзининг фаоллиги билан ажралиб турибди. У Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Наманган вилоят бўлими Тўрақўрғон филиалида ажратилган кредитларни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди. Сайловчиларнинг талаб-эҳтиёжлари ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш бўйича изчил иш олиб бормоқда.

– Карантин бошланган дастлабки кунларда менга ҳудудимиздаги мактаб ўқитувчиларидан бир гуруҳи мурожаат қилишди, - дейди Т. Босиджанов. – Улар ўзлари яшайдиган ҳудуд, яъни “Куймозор” маҳалласи ҳудудида интернет яхши ишламаслигини, бу эса онлайн машғулотлар олиб боришга халақит бераётганлигини билдиришди. Албатта, мен дарҳол вазиятни ўрганишга киришдим.

Маълум бўлишича, қишлоққа тортилган телефон симлари эскирганлиги учун интернет алоқасини йўлга қўйишга имкон бермаётган экан. Нима қилиш керак? Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунига мувофиқ депутатлик сўрови расмийлаштирилди ва “Ўзбектелеком” акционерлик компаниясининг туман филиали раҳбарига юборилди.

Бир неча кун илгари депутатлик сўровида қўйилган масалани ҳал этиш юзасидан амалий ишлар бошланди. Туман маркази билан “Куймозор” маҳалласи орасидаги 12 километрлик масофага шиша толали кабель тортиш бошлаб юборилди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+