Депутатнинг саъй-ҳаракати билан йўллар таъмирланди

12.10.2022 10:10:31

Халқ депутатлари Бандихон туман Кенгашига «Адолат» СДПдан сайланган депутат Содиқ Каримбердиевнинг ўтган давр давомида амалга оширган ишлари чинданда эътиборга сазовордир. Ҳудудларни ободонлаштириш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор шахсларга моддий, молиявий ва маънавий кўмаклашиш сингари савоб ва хайрли ишлар замирида миллатимизга хос инсоний фазилатлар мужассам эканлиги аёндир. Таъмирталаб, ёзда чанг, қишда эса лой бўлиб қоладиган йўлларни эпақага келтириш жонкуяр депутат С.Каримбердиевнинг доимий режасида бўлиб, ушбу йўналишдаги ишларда ҳам ўтган давр мобайнида муайян натижаларга эришилди.

Бандихон туманидаги «Обод юрт» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли «Обод юрт» кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар қувончига - қувонч қўшилди. Фаол депутатнинг саъй-ҳаракати билан ушбу ҳудуддаги таъмирталаб бўлиб қолган 700 метрдан ортиқ масофадаги йўл бетон қилиниб, кунига юзлаб одамлар қатнайдиган ушбу йўл янгича қиёфа касб этди. Ҳудудда яшовчи аҳоли бу қулайликдан жуда мамнун.

Шерзод Нурқулов, Бандихон туман Кенгаши раиси:

- Жорий йил бошида депутатга «Обод юрт» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролардан мазкур маҳаллада жойлашган мактаб атрофидаги йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, бу эса йўловчилар ва мактабга борувчи ўқувчилар учун қийинчилик туғдираётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди. Халқнинг ишончли вакили мазкур масала юзасидан депутатлик сўрови билан «Йўлқурилиш» бошқармаси туман бўлимига мурожаат билан чиқди. Депутатнинг жонбозлиги, ҳаракатчанлиги сабабли муаммо тез орада ижобий ечим топди, ҳозирга қадар ҳудуддаги йўл сифатли таъмирланди.

Депутат шу каби амалий ишлари билан халқ муаммоларига ижобий ечим топишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу ўз-ўзидан сайловчиларнинг овоз берган депутатларига бўлган ишончларини янада мустаҳкамламоқда.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+