Дорихонадаги муаммолар билан юзлашилди

26.08.2020 16:08:08

 

Муаммо билан юзма-юз келинганида энг тўғри қарор бу унга ечим топишдир. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида навбатдаги манзил Янгиер шаҳри бўлди. Боиси шаҳар аҳолиси билан мулоқотлар жараёнида дорихоналарда баъзи бир дори-дармонларнинг қимматлашгани билан боғлиқ аниқ мисоллар масалага ойдинлик киритди. Партиянинг шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Расулов ва депутат Тоҳир Самиев ташаббуси билан мазкур масалани ўрганишга киришилди ва Янгиердаги 20 та дорихона бирма-бир  кузатилди. Ҳусусан "Обод-юрт", "Шодлик" маҳаллалари ҳудудида жойлашган дорихоналарда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда дори-дармонларни белгиланган тартибда сотувини ташкил этиш ҳамда сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларини сотувига йўл қўймаслик тўғрисида ўрганишлар олиб борилди.

Бугунги мураккаб ва ўзига хос жараёнда аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашда депутатлик назорати механизмидан фойдаланиш яхши самара бергани шаҳардаги мавжуд дорихоналарда нархларнинг мўтадиллашганини кўрсатди. Демак депутатлар томонидан ҳар ҳафтада назорат ва тарғибот тадбирлари ўтказилса халқнинг ўринли эътирозига сабаб бўлган муаммога ечим топилар экан. Шунингдек, депутатларимиз томонидан карантин даврида янгиерликларни қўллаб-қувватлаш  ва эътирозларини қаноатлантириш мақсадида партиянинг “Биз қалбаки ва сифатсиз дори воситаларини айланмасига қаршимиз” мазмунида  дорихона эгалари ва сотувчиларига таклифлар ҳам берилди.

Карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилган мазкур лойиҳа Оқолтин туман Кенгаши депутатларини ҳам фаолликка ундади.  Халқ билан мулоқот давомида Оқолтин туман Фарғона шаҳарчасини ичимлик суви билан таьминлайдиган сув насоси 50 йил олдин курилганлиги, 2020 йил 23 июль кунидан буён сув насоси томи ичининг чекка жойидан зах сув доимий чиқиши натижасида сув насоси тез-тез бузилиб ҳозирда ичимлик суви чиқмаётганлиги юзасидан мурожаат бўлди.

Фарғона шаҳарчаси “Мустақиллик” МФЙ Маърифат кучаси 2/ 15- уйда яшовчи Хайдаров Мирзохид ва Янги авлод кўчаси 7/2- уйда яшовчи Ажибоев Султонмуродлар томонидан Оқолтин туман 18-сайлов округидан сайланган депутат Жаҳонгир Каримовга қилинган мазкур мурожаат депутат ечим топиши зарур бўлган масалалар рўйхатидан ўрин олди. Муаммо ечимига киришган депутат ташаббуси билан тадбиркор "Содик, Юсуф, Аюб" МЧЖ раҳбари Мансур Гаипов ҳомий сифатида жалб қилинди. Яъни, сув иншоатини таьмирлаш учун 4 миллион сўм пул маблағ ажратилди. Ажратилган ушбу маблағга 125 мм. ли - 30 метр темир қувул, 1,5 тонна  цемент, 9 куб шағал тош олиниб, ҳашар йўли билан сув насоси биноси том кисми ва бинонинг зах сув чикадиган кисми таьмирланиб, Фаргона шаҳарчаси ичимлик суви билан таьминланди.

Мирзаобод туман Кенгаши депутати Дилдора Холиқовага қилинган мурожаат асосини 8-март маҳалласидаги Зомин кўчасига электр симёғочлар ўрнатиш масаласи ташкил қилди. Туман ободонлаштириш бўлимида фаолият кўрсатаётган Дилдора учун бу муаммо билан юзлашиш қийинчилик туғдирмади. Аҳоли билан ҳамжиҳатликда ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ишлар ниҳоялангач,  масалага ечим топилди. Яъни туман электор таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда мутахассислар  жалб қилиниб, янги қурилган хонадонлар рўпарасига 20 дан ортиқ электор симёғочлар ўрнатилди. 

Демак партиянинг мазкур лойиҳаси қоғозда эмас амалда ишласа  депутатлар ва партия ташкилотлари томонидан бир қатор муаммоларга ечим топилади. Бунинг ифодасини ҳаётий мисоллар ва эришилган натижалар яна тез орада кўрсатади, деган умиддамиз.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+