Энди илмий тадқиқотлар бир муассасанинг монополиясига айланиб қолмайди

27.02.2024 10:02:28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс ва янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини яратиш мақсадида илмий-интеллектуал салоҳиятни кучайтириш ва илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада олий таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш, улар фаолиятида давлат маъмурий бошқарувини кескин камайтириш ҳамда шу орқали ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрловчи давлат олий таълим муассасалари ҳам шакллантирилмоқда.
Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ҳуқуқи ташаббуси асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар партия сайловолди дастурида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир.
“Адолат” СДП сайловолди дастурида мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, олимлар, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш энг асосий вазифа сифатида белгиланган.
—Илм-фан ривожисиз ҳаётда юксак тараққиётга эришиб бўлмайди. Шу боис, дунё мамлакатларининг аксарияти асосий эътиборни илм-фанни ривожлантиришга қаратмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев. — Охирги етти йилда юртимизда ҳам илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва ўтган қисқа вақт ичида соҳани ривожлантиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди. Зеро, ҳар қандай соҳанинг ривожи, инсон ақл-заковатининг бойиши таг-замирида албатта илм бўлади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган таълим муассасаси (илмий ташкилот)да фаолият юритувчи олимлардан иборат бўлиши ҳақидаги талабни бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши илмий тадқиқотлар бир муассасанинг монополиясига айланиб қолишининг олдини олишга, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ишини самарали ташкил қилишга, уларнинг таркибига таниқли мутахассис олимларни кенг жалб қилган ҳолда илмий холисликни таъминлашга, пировардида эса илмий тадқиқотлар сифатини кўтаришга хизмат қилади.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан партия позициясидан келиб чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Ушбу таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эътиборга олинадиган бўлди.
Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+