Энг фаол депутатга – “Адолат” " эсдалик нишони

28.12.2020 17:12:58

      Ўзбекистон "Адолат" СДП Наманган  вилояти  Кенгашининг навбатдаги  йиғилишида  шаҳар  ва  туманлар  кенгашларининг  раислари  ҳам  иштирок  этдилар. Унда  йил  бошида  эълон  қилинган  “Энг  фаол депутат”  танловининг  якунлари  чиқарилди. Ҳакамлар  ҳайъати  аъзолари  ўнга  яқин  ғолибликка  номзод  орасидан Ферузахон  Абдуллаевани тақдирлашга  муносиб  деб  топдилар.  Унга  “Адолат”  эсдалик  нишони  ва партия  вилоят  Кенгашининг ташаккурномаси  топширилди.

       Асли  касби  педагог бўлган  бу  аёл  Учқўрғон  туманидаги 23-умумтаълим  мактабида директор  бўлиб ишлайди.  27-Нуробод  сайлов  округи ҳудудида  яшовчи  фуқаролар  ўтган  йили  декабрда унга  катта  ишонч  билдирдилар. Ферузахон халқ  депутатлари  туман  кенгашига  депутат  этиб  сайланди. Айни  вақтда   у   “Адолат”  СДП  гуруҳининг энг  фаол  аъзосига айланди.

         Ҳозиргача  Ферузахон  аҳоли  талаблари  асосида мутасадди ташкилотларга  15 та депутатлик сўрови киритди. Уларнинг ҳаммаси ўз вақтида  кўриб чиқилгани ва ҳал  этилгани диққатга сазовордир. Масалан, “Нуробод”, “Исломобод”, “Наврўз”  маҳаллаларидаги  қатор кўчаларда ичимлик сув таъминоти қайтадан йўлга қўйилди. Яна бир неча ҳудудда табиий газ таъминотини яхшилаш юзасидан бўлган мурожаатлар ўз  ечимини  топди.  Юзга яқин хонадонда “зангора олов” порлай бошлади.

      Ферузахон коронавирус пандемияси авж олган  пайтда  кам таъминланган оилаларга  моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга  катта  эътибор  қаратди.  Ҳозиргача ўзи ҳомийликка олган ҳудуддаги 50 та ночор хонадонга  5-6 мартадан ёрдам кўрсатди. Уларга озиқ-овқат, дори-дармонлар, тиббий ашёлар етказиб берилди. Карантин даврида қийналган аҳоли қатламига давлат томонидан ажратилган маблағларни  тақдим этишда ижтимоий адолат ўрнатиш мақсадида депутат назоратини йўлга қўйди. Шунингдек,  савдо тармоқларида, дорихоналарда нархлар ошиб кетмаслиги учун мунтазам назорат олиб борди. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида ҳал этилгани ҳаммани мамнун этди.

        Бундай  мисолларни  депутат фаолиятидан  кўплаб  келтириш  мумкин. Унинг намунаси  “Адолат”  СДП  гуруҳларидаги  бошқа  партиядошларни ҳам  янада  фидойилик  кўрсатиб  ишлашга  чорламоқда.  Жонбозлик  кўрсатиб  қилган  меҳнатининг  муносиб  эътироф  этилгани  унинг куч-ғайратини  ошириб  юборди. 

  - Мен фаолиятимга сафдошларим томонидан  берилган  баҳо  учун ўз  миннатдорчилигимни изҳор  этаман, - дейди Ферузахон Абдуллаева. – Бундан  кейин ҳам  партиямизнинг сайловолди  дастурида  белгиланган  вазифаларни  бажаришга ўз  ҳиссамни  қўшавераман. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий  муаммоларини ҳал  этишга, аҳоли  талабларини  ўрганиш ва  уларнинг  ечимини  топишга  кўмаклашиш  доим  диққат  марказимда  бўлади.

Нурбек  АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП 
Наманган  вилоят 
Кенгаши  матбуот  котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+