Ердан фойдаланиш тартибини назорат қилишда илм-фан ютуқларидан фойдаланилади

19.10.2020 10:10:09

Ернинг ҳар қаричи – олтинга тенг. Инсон яшаши, ризқ топиши, фаровон турмуш кечириши учун ундан унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг натижаси эса инсон учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради.

Аммо бугун айрим холларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан самарасиз фойдаланиш, ер майдонларининг аниқ ҳисоби юритилмаслиги сабаб ерларини ажратишда коррупция ҳоллари учраб турибди. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган кўплаб мақолаларда аҳоли айнан соҳадаги қонунбузарликлардан норози экани, ерлардан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари бугун ечимини кутаётган долзарб масалага айланди.

Мамлакатимизда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани сабаб уларни етарли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эхтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Бунда эса мавжуд ўзгармас бойлигимиз бўлган ердан унумли фойдаланишга эришиш устувор масала бўлиб қолмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида давлат кадастрларини юритишни самарали ташкил этиш, ер ресурсларидан фойдаланиш каби устувор вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг ечимини ҳал этишда муҳим қадам бўлди.

Йиғилишда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирганлиги, улар мураккаб ва тушунарсиз ёзилганлиги сабаб коррупцияга йўл очиб бераётганлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз ердан унумли фойдаланиш ва хисобини юритишда замонавий ахборот-технологияларини кенг жорий этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Соҳадаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун Кадастр агентлигининг барча бўғинларини малакали кадрлар билан тўлдириш, янги тизим мазмуни ва тартиби бўйича ўқитиш зарур. Шу билан бирга жойлардаги кадастр бўлимларининг моддий-техник таъминоти ва меҳнат шароитларини яхшилаш лозим.

Йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, эндиликда ноқонуний ва ўзбошимчалик билан ерларнинг ўзлаштириб олинишини олдини олиш мақсадида республикадаги барча ерлар Миллий геоахборот тизимига киритилади. Ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари мазкур геоахборот тизимига киритилмагунича ҳақиқий ҳисобланмайди. Эндиликда барча туман ва шаҳарларнинг аграр ерларининг назорати ва экинларни мониторинг қилиш дронлар ҳамда космосдаги сунъий йўлдошлар ёрдамида амалга оширилади. Буларнинг барчаси ижтимоий адолатнинг таъминланишига хизмат қилади албатта.

Бу ўринда соҳанинг ҳар бир бўғинида олиб борилаётган ислоҳотларда парламент назорат-таҳлил тартибида иштирок этиши ўта долзарб деб биламиз. Айниқса, маҳаллий даражадаги депуталар иштирокини янада кенгайтириш зарур. Соҳа ривожига тўсиқ бўлиб турган ҳуқуқий хужжатларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш ҳам зарурдир. Бугунги кунда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ҳамда “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини маромига етказиб қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда ердан самарали фойдаланиш орқали ҳудудларнинг иқтисодий юксалиши, фуқаролар ва хўжалий юритувчи субъектларнинг мулк ҳуқуқи ва дахлсизлиги, фуқароларнинг сифатли ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришиш айниқса, умуммиллий бойлигимиздан унумли фойдаланишимиз барчамизнинг бурчимиздир.

 

Наримон УМАРОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+