Эркин ва фаровон яшаш – бахт калити

18.12.2020 22:12:40

Давлатимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритгач, мамлакатимизда барқарор тараққиётни, тинчликни ва фаровонликни таъминлаш мақсадида, узоқ келажакни кўзлаб, халқимиз билан бамаслаҳат, босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, юртимизда барча соҳаларда юксалишлар, халқимизнинг кундалик турмуш тарзида фаровонлик ва осудалик ўз аксини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча 17-декабрь санасида барчамиз учун азиз байрам, «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори қалбимда фахр, жўшқинлик ва шукрона туйғуларини яна бир карра тоштирди.

Халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини, ўзининг энг улуғ, азиз байрами, боболар орзуси ушалиши, кўп минг йиллик қадриятлар тикланиши, миллат маънавиятининг янада юксалишига хизмат қилган кун сифатида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастури асосида кенг нишонлайди.

Албатта, халқимизга, айниқса ёш авлодга истиқлол деган улуғ неъматнинг қадр-қимматини, унинг Ўзбекистон давлатининг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашидаги аҳамиятини тарғиб-ташбиқ қилиш учун етарли ҳуқукий ва маънавий асосларимиз бор.

Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётганлигига ҳар бир юртдошимиз гувоҳ бўлмоқда.

Мустақиллик энг аввало бизга ўз тарихимиз ва маданиятимиз, бой маънавиятимизни эркин талқин ва татқиқ қилиш имконини берди.

Минг йиллик қадриятларимизнинг қайта тикланишига айниқса, бутун инсоният руҳиятининг юксалишида катта аҳамиятга эга бўлган «Наврўз», Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити сингари байрамларимизнинг халқимиз томонидан меҳр-оқибат ва ўзаро бирдамлик рамзи сифатида нишонланишига имкон яратилди.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор, юксак инсонийлик фазилатлари билан суғорилган ғояларимиз ва ташаббусларимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ қарши олиниши қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Барчамизга маълум Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинганлигининг ўзи муқаддас диёримизда яшаб ўтган улуғ зотлар ва улар яратган бебаҳо маънавий хазиналарга, халқимизга бўлган ҳурмат ва эътибор нишонидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ҳадис ва калом мактабларини ташкил этиш билан боғлиқ амалий ишлар ислом оламида қаддимизни ва қадримизни яна бир поғона кўтарди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби мустақиллик қорақалпоғистонликлар учун ҳам кенг имконият ва фаровонлик эшикларини ошди.

Қорақалпоғистоннинг устюрт кенгликларида саҳро бағрида халқаро ҳамкорларимиз билан ҳамжиҳатликда қазиб олинаётган ер ости бойликлари, ушбу ҳудудларда барпо этилаётган саноат корхоналари, нафақат Қорақалпоғистон, балки, бутун мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бугун мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг юксак эътибори билан Орол атрофи кун сайин гўзаллашиб, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ҳар битта туманда бошланаётган қурилиш ва бошқа соҳалардаги кенг кўламли лойиҳалар бутун қорақалпоғистонликларнинг бахру-дилини яйратмоқда.

Иқтисодий қудратимизни юксалтириш йўлида йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан тортиб ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектларигача қаратилган юксак эътибор ва яратилган имконият, берилаётган имтиёзлар  аҳолининг осуда ҳаётини таъминлаш ва турмуш ободлигини оширишга имкон яратади.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани халқ розилигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугун биз Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз, унинг ёрқин истиқболини янгича дунёқараш билан яратиш лозимлигини бутун халқимиз яхши англайди демак вақт ва бахт қадр-қимматининг нечоғлиқ улуғ неъмат эканлигини ёшларимиз онгу-тафаккурига сингдириш ҳар биримиз учун қарз ва фарз.

Давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик қутлуғ туйини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида, туйга яраша туйёналар билан қарши олиш ҳар бир юрт фуқаросининг муқаддас бурчи.

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.         

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+