"Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз"

18.03.2024 14:03:42

Бухоро вилоят, Шофиркон туманидаги 12-умумтаълим ўрта мактабида Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят Маънавият ва маърифат бўлими, туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши ҳамкорлигида "Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз" ғояси асосида "Оналар йиғилиши" ўтказилди.
Тадбир аввалида юртбошимизнинг хотин-қизлар ва аёлларга мурожаати ўқиб эшиттирилди. Оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтиришимиз кераклиги, боғча, мактаб ва олийгоҳларга кириб бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомат масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқиб бориш лозимлиги, болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, ҳаёли ва иболи, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз кераклиги каби фикрлар айтиб ўтилди.


Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Марҳабо Пардаева: "Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим" - дея таъкидлади.
Йиғилишдан асосий мақсад шундаки, фарзандларингизнинг келажагига барчамиз бирдек масъул эканлигимизни яна бир бор эслатиш ва уқтиришдир. Зеро, фарзанд тарбияси ўта нозик масаладир. Оилада фарзанд онасининг юриш-туриш муносабати, ҳунармандлигидан ибрат ва сабоқ олади, оила кўрган ва ўрганганларини ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилади.
Шунингдек, депутатимиз томонидан илм-фан, маданият, спорт каби йўналишларда ютуққа эришган ўқувчиларнинг оналарига ташаккурнома топширилди.

Нодира Бердиева
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Шофиркон туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+