Фаол китобхон аниқланди

08.07.2020 09:07:40

    Ўзбекистон заминида азал-азалдан китобга ҳурмат, меҳр-муҳаббат билан қараб келинган. Дил билан ҳамоҳанг тафаккургина комил инсоннинг фикрлаш тарзини  белгилай олади. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз  китобни зебу-зийнатдан кўра азизроқ билганлар. Китобнинг қудрати, зиёси асрларга татишини теран ҳис этганлар.

     Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида халқимиз орасида китоб ўқишни тарғибот қилиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси, “Юрт таровати” газетаси таҳририяти, вилоят матбуот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида шаҳар, туман “Баркамол авлод” болалар мактаби услубчилари ўртасида “Китоб-тафаккур қаноти” номли онлайн мақолалар танловини ўтказди.

     Танловда барча туманлардан онлайн тарзда  ёзиб юборилган мақолалар жамланиб,  кўрик шартларига кўра мутахассислар иштирокида холис текшириб баҳоланди. Натижаларга кўра биринчи ўрин Қарши шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби “Техник ижодкорлик” йўналиши услубчиси Нилуфар Шоймардоновага  насиб этди. Шахрисабз тумани “Баркамол авлод” мактаби “Техник ижодкорлик” йўналиши услубчиси Зарбиби Якубова иккинчи ўрин, Шахрисабз шаҳар “Баркамол авлод” мактаби “Ўлкашунослик ва экология” услубчиси Анора Норбоева эса учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

     Биз танлов иштирокчилари билан мулоқотда бўлдик.

     -Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган онлайн танлов воҳамиздаги кўпгина оилаларга зиё улашди,-дейди вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Шахноза Рахмонова.

     -Наманган вилоятидаги видеоселекторда давлатимиз раҳбари “Маънавий озуқа бўлмаган элда ютуқ бўлмайди” деган эдилар,- деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматов.- Албатта бу сўз замирида олам-олам маъно бор. “Адолатчи”лар ташаббуси билан уюштирилаётган  танловда иштирок этаётганлар сони ой сайин кўпайиб шунга яраша тақдим этилаётган  мақолаларнинг ҳам савияси яхшиланиб бораётгани  мени қувонтиради.

     -Бугун воҳамизнинг қайси шаҳар ва қишлоқларида бўлманг, китоб дўконлари, кутубхоналар мавжуд,-дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Гулноза Раджабова.-Ундан ҳар бир киши керакли адабиётни олиб, истаганича  фойдаланиш имкони бор. Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан илму урфон учун ҳеч нарса аялмаяпти.

     Китоб-ҳар бир инсоннинг ақлий ва руҳий маданиятини чуқурлаштирса, у шунчалик миллат, мамлакат ва мустақиллик қадрига етади.

     Партия ва ҳамкор ташкилотлари саъй-ҳаракати билан ташкил этилган онлайн танловда ўнлаб, юзлаб ёшларимиз ўзлари ўқиган китоблари, ёзган шеърлари ҳамда мақолалари билан қатнашиб, энг яхши китобхон номинациялари  ғолиблари фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларига ҳам эга бўлмоқдалар.

                                                          

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+