Фаоллигимиз сайлов натижалари билан тасдиғини топади

24.09.2019 17:09:48

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - сайлов кампанияси бошланди. Бу давр сиёсий партиялар учун ўзига хос синов давридир, деб айтиш мумкин. 2019 йил 22 декабръ куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга сайловларда қанчалик кўп ўрин эгаллашимиз бугунги фаоллигимизга боғлиқ.

Шу маънода сиёсий партиялар сайловда ўз мақсад ва ғоялари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастури асосида депутатликка номзодлар кўрсатади ва уларнинг сайланиши учун тарғибот ишларини олиб борадилар. Бу борада дастурда белгиланган вазифаларни жамият ҳаёти билан қанчалик боғлиқлиги ва жамоатчиликка етказилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Сиёсий жараёнда ижобий натижага эришишимизда жамоат назоратининг муҳим бўғини бўлган ваколатли вакил институтидан мақсадли фойдаланиш лозим. Чунки сайлов жараёнида тегишли сайлов комиссиялари билан муносабатларга киришиш ва жараённи кузатиб боришда у катта рол ўйнайди. Айни шу мақсадда сиёсий партиялар томонидан ваколатли вакилларнинг тайинланиши бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, хужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли. Бу айни вақтда шунга муносиб, сиёсий фаол партиядошларни танлаб олишни талаб қилади.

Айни кунларда кузатувчи ва ваколатли вакиллар учун  вилоят партия кенгаши томонидан сиёсий ўқиш ташкил этилди. Уларга зиммасига юклатилган вазифа билан бир қаторда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар етказилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, сайлов кампаниясининг ҳар бир куни самарали ўтиши лозим. Бу  сайлов натижалари билан ўз тасдиғини топади.

                            Дилмуроджон СОДИҚОВ,    

         Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят

                                   кенгаши мутахассиси    

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+