Фаоллик депутатлар фаолиятида ҳамиша намоён

19.12.2022 09:12:22

2019 йили Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов жараёнларида «Адолат» СДПдан Миробод туманига тўрт нафар депутат сайланган эди. Бугунги кунда собиқ депутат Дилшод Юсупов депутат бўлиш ҳуқуқи чекланган лавозимда фаолият юритаётганлиги сабабли муддатидан олдин депутатлик ваколати тугатилган. Шу сабаб бугун Миробод туман кенгаши депутатлик гуруҳида депутатлар Грибанова Татяна, Гулнора Рашидова, Иброҳим Сагатовлар фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бирлари депутат бўлиш билан биргаликда маълум бир касб доирасида меҳнат қилиб, элимиз, юртимиз ривожига ҳисса қўшишга интилмоқда. Учала депутат ҳам бугунги кунда педагог сифатида фаолият юритади. Хусусан, Грибанова Татяна тумандаги 158 умумий ўрта таълим мактаби директори, Гулнора Рашидова эса ушбу туманда 164 - Мактабгача таълим ташкилоти мудираси, депутат Сагатов Иброҳим Тошкент фармацевтика институти қошидаги академик лицей директори лавозимларида бир неча йиллардан буён ишлаб келмоқдалар.

Шунингдек, улар ўз фаолиятлари давомида депутат сифатида ҳам хайрли ишларнинг ташаббускори, фидойи ва жонкуяр ташкилотчиси сифатида намоён бўлишмоқда. Мисол учун, Гулнора Рашидованинг жорий йилдаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, йил бошидан буён депутат кўпгина хайрли ишларни амалга оширишга улгурди. Қаровсиз кексалар ва болалар, ногиронлар ҳолидан хабар олди. Хайрия тадбирлари ўтказиб, етим-есир, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди. Албатта, бу каби хайрли ишларнинг кетма-кетлиги узвий давом этмоқда. Г.Рашидова туман кенгаши сессиялари, доимий комиссия мажлисларида мунтазам иштирок этиб, қабул қилинган қарорлар ва режалар муҳокамаси бажарилишида доимий фаоллик кўрсатиб келади. Хусусан, e-qaror.gov.uz да кўрсатилган «Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси хизмати ходимларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш бўйича ишини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида олдини олиш каби ишларда қатнашди. Туман кенгашининг 68 –сессиясидаги «Саховат ва кўмак» жамғармасидан моддий ёрдам ажратиш тўғрисида қабул қилинган қарорга асосан, Миробод туманида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда, ижтимоий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд оилалар, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қарияларга ўз даромадини йўқотганларга моддий ёрдам бериш ишларини ташкил этишда иштирок этди.

Депутат Татяна Александровна Грибанова эса ишсизларни ишга жойлаштириш бўйича кўпгина самарали ишларни олиб борди. Жумладан, у тумандаги 158-умумий ўрта таълим мактабида ўтказган фуқаролар қабулида фуқаро Турдиева Нилуфарни ушбу мактабга психолог сифатида ишга жойлашишида кўмаклашди. Шунингдек, Г.Татяна кўп йиллардан буён ногиронлар, қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан мунтазам хабар олиб, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашади.

Депутат Иброҳим Сагатов маҳаллаларда, кўпгина таълим муассасаларида тез-тез маънавий учрашувлар ўтказиб ёшларнинг ҳамда аҳолининг фикр жиҳатдан теран ўсишида, сиёсий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилиб келмоқдалар.

Меҳринисо ЯКУБОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+