Фаровонлик ва тараққиёт кафолати

28.11.2020 10:11:11

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан партиянинг “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият” лойиҳаси доирасида “Конституция-ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида онлайн-конференция ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Б.Мамиров бошқарган йиғилишда туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, депутатлар, соҳа вакиллари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари ва “Ёшлар парламенти” аъзолари ҳамда фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, тарихан қисқа фурсат ичида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Халқимизнинг юксак тафаккури, давлатчилик тарихимиз, умуминсоний қадриятлар ўз мужассамини топган Конституциямиз эришилган ана шу марраларга мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.

Бош қомусимиз жаҳондаги энг мукаммал Конституциялардан бири бўлиб, ихчамлиги ва кенг қамровлилиги, инсонпарварлиги билан ажралиб туради.

Унда инсонпарварлик тамойиллари асосий ўринни эгаллайди. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида белгилаб берди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда инсон ҳуқуқлари ҳимоясида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган бош тамойил Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар мамлакатимиз Конституцияси — тарихий ҳужжат, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси эканини алоҳида таъкидладилар.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ йўналишидаги ислоҳотлар давлат ва жамият ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, шахс ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мухтасар қилиб айтганда, қонунларга риоя этиш ички зарурат, ички ишонч билан амалга оширилиши керак. Шундагина қонун устуворлиги ўзининг ижобий натижасини тўлароқ намоён этади. Бундай даражага эришиш учун жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш зарур. Шу муносабат билан қонунга итоаткор шахсни тарбиялаш бўйича ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, бахтимиз қомуси — Конституциямизнинг ҳаётбахш мазмун-моҳияти, юртимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият даражасида кафолатлангани давлатимиз инсонпарвар сиёсатининг ёрқин ифодаси саналади.

Хуршида Абидова, Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгаши депутати:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП аввало, Конституциямизда мустаҳкамланган меъёрлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, сайловолди дастуримизда белгиланган ижтимоий йўналишдаги энг муҳим вазифаларимиз сифатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига алоҳида эътибор қаратиш каби масалалар диққат марказимизда бўлмоқда. Бу борада соҳа мутассадилари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Маълумки, сайловчиларга берган ваъдаларимизни бажаришда партия лойиҳалари асосий механизмлардан бири саналади. Жумладан, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови, мактабларда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси ва дарсликларнинг сифати, илғор технологиялар асосида ўқув услубларини жорий этиш, ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш ҳолатини ўрганиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш каби масалаларга ҳам устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқнинг бой турмуш тажрибасига асосланган ҳолда республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳақиқий демократик принципларни қарор топтириш кафолатидир.

Тадбир сўнгида мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+