Фарзандингиз кўчада қолмайди

05.07.2020 10:07:01

Мактаб битирувчиларини кейинги ҳаётга тўғри йўналтириш шу куннинг долзарб вазифаси. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини ўқиши, бўлажак иш жойи, ишлаши ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур. 

Айрим ота-оналарда фарзандим энди қаерга боради, деган савол туғилиши табиий. Жавоб аниқ: кўчада қолмайди. Чунки бу борада аниқ тизим яратилган. Бу Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши фаоллари томонидан Қўрғонтепа туманидаги ўрганишда ўз ифодасини топди.

 2019-2020  ўқув  йилида тумандаги  умумтаълим  мактабларининг 11-синфини тамомлаган  2542 нафар  ёшларнинг ҳар бири билан синф раҳбарлари томонидан сўровнома асосида суҳбатлашиб чиқилди. Уларнинг қизиқишларига эътибор қаратилди. Ҳаёт йўлини танлашда керакли тушунчалар берилди.

Битирувчиларнинг 2108 нафари­­­ олий ўқув юртларига ўкишга кириш ҳаракатида.

         Нодира Абдураззоқова, Қўрғонтепа   тумани халқ таълими бўлими мудири:  

-Албатта, ўқишни давом эттириш истагини билдирган ёшларимизга омад ва муваффақиятлар тилаймиз. 109 нафар иқтидорлилар “олтин” ва “кумуш” медал эгаси бўлди. Бу уларга бўлган ишонч белгиси. Олий таълим муассасаларига киролмаган тақдирда бандлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб қўйганмиз.  Туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар бизни қўллаб-қувватлайди. Айтмоқчиманки, манзилли дастур асосида ишлаймиз.

Навбатдаги устувор вазифа ёшларнинг бандлигини таъминлаш. Бу борада  давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратилиб,  ҳар бир ёшнинг ўзи хоҳлаган фаолият билан шуғулланиши учун имкониятлар кўлами кенгаймоқда,  Жумладан, “Ўзини ўзи банд қилиш” лойиҳаси доирасида  янги иш ўринлари яратиляпти.

“Устоз-шогирд” анъанаси бўйича ҳунар билан шуғулланиш истагидаги 289 нафар йигит-қизлар учун иш ўрни тайёр. Чеварлик, пазандачилик, дурадгорчилик, қурилиш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳаларини танлаганларни хусусий сектор вакиллари ўз жамоаси сафига қўшади. Ҳозирда 30 нафарининг бандлиги таъминланди.

Тадбиркорлик борасида Қўрғонтепада ўзига хос мактаб яратилган, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, ёшлар орасида ташаббускорларнинг сафи кенгайиб бормоқда. 419 нафар битирувчининг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдираётгани бежиз эмас. Бунинг учун  4 миллиард 233 миллион сўм молиявий кўмак зарур. Ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар доирасида банк муассасалари амалий ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу билан шунча янги иш ўрни яратилади. 

16-мактабнинг 3 нафар битирувчисига “Халқ банки”нинг туман филиали томонидан имтиёзли кредит асосида 300 дона парранда етказиб берилди. Саидбек Позилов улардан бири. Тадбиркорликка қадам босганидан хурсанд. У йил охирига қадар паррандалар сонини икки баробарга кўпайтириш ҳаракатида.

“Озод” МФЙда яшовчи Абдулҳай Эркинов Андижон давлат университетига хужжат топширди. Ўқиш билан бир вақтда тадбиркорлик қилиш мақсадида асаларичиликни танлади. Ота касбини ўрганиб, ўтган йили 50 кг. шифобахш асал олиб, оила дастурхонига тортиқ қилди.

Яна бир ёш тадбиркор Сардорбек Бозорбоев устози Улуғбек Тешабоев билан “Бобуршоҳ” МФЙ ҳудудидаги фойдаланилмай турган бинода мебель тайёрлашни йўлга қўйди. Дастлабки маҳсулотлари ўз харидорини топди. Натижада ўтган ойда Сардорбек оила бюджетига 2 миллион сўм олиб кирди. Бундан оиласидагилар хурсанд.

Бир сўз билан айтганда,  қўрғотепалик мактаб битирувчилари ўз йўлини танлаб бўлди. Юқорида айтганимиздек, уларнинг ота-оналари ташвишланишига ўрин йўқ.

 

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+