Фарзандларингиз тарбиясига эътиборсиз бўлманг!

22.03.2020 13:03:56

1-Эпизод

Кун. Кўп қаватли уй олдида бир хил кийим кийган усталар бинонинг биринчи қаватидаги ҳашаматли уйга сим тортмоқда. Уйнинг эгаси Жаббор ва унинг хотини Фарида  усталарга қараб турипти. Узоқдан одми кийинган, бир қўлида иккита нон, бир қўлида беш-олтита китоб кўтариб Самиддин келаяпти. Самиддин Жаббор ва унинг хотини билан сўрашади.

Жаббор. Ҳа қўшни, китоб-дафтар кўтариб қаердан келяпсиз? (кулади)

Самиддин. Кеча тўнғичим мажбурий таътил пайтида ўқийман деб кимё-физикага оид китоблар рўйхатини берувди. Бугун ойликдан шуларни бир қисмини олиб келаяпман-да. (Усталар сим тортаётганини кўриб гапиради) Чироғингиз ўчиб қолдими, қўшни?

Жаббор.  (Кулади) Йўқ, жиянларингиз таътил пайтида уйда зерикмай мулътфилм кўрадими, ўйин ўйнайдими деб  WI FI ўрнатаяпман. Таътил бўлгандан кейин дам олиши керак-да қўшни. XXI аср – интернет асри бўлса.

Самиддин. Ҳа, яхши. Майли, қўшни янгам билан уйга чиқинглар, суҳбатлашиб ўтирамиз.

Самиддин қўшнилар билан хайрлашиб, уйга кириб кетади. Жаббор хотинига гапиради.

Фарида. Шу Самиддин, жуда зерикарли бола-да. Болалариниям ўзига ўхшатиб қўйган.

Жаббор. Тўртта китоб олиш учун ойлик кутганини қара.  Яна меҳмонга чиқинглар, деганига ўлайми? (Кулади).

2-Эпизод

Жабборнинг уйи. Жаббор ўриндиқда телефон титкилаб ўтирипти. Фарида телевизор кўрааяпти. Жаббор ўғлини чақиради.

Жаббор. Саттор... (жавоб бўлмайди) Саттор дедим.

Ўғли ичкаридан туриб бақиради.

Сатторнинг овози.  Нима дада...

Фарида. (Бақиради) Даданг чақирганда ўтирган жойингда бақирмасдан олдига кел.

Жаббор. Болани нега уришасан?

Саттор хонага норози қиёфада кириб келади.

Жаббор. Ҳа ўғлим, хомуш кўринасиз.

Саттор. Интернет профилимни блоклаб қўйишипти.

Жаббор. WI FI ишламаяптими?

Саттор. Э-э дада, профилимни деяпман...

Жаббор. Бўпти, бошимни қотирма, профил-срофилингни тушунмайман. Менга нариги хонадан қувватлагични олиб келиб бер-да, ишингни қилавер.

Саттор хонаданчиқиб кетади.ЗТМ

3-Эпизод

Тонг. Самиддиннинг уйи. Ошхона. Феруза картошка тозалаб ўтирипти. Хонага 15 ёшлар атрофидаги Нурмуҳаммад кириб келади. У онасининг юмушларига ёрдамлаша бошлайди.

Феруза. Ҳа ўғлим, кўз тегмасин, хурсанд кўринасиз. (Бир оз ҳайрат аралаш гапиради) Ёки ҳалиги айтаётган лойиҳангизни тугатдингизми?

Нурмуҳаммад.  Тугатдим ойи.

Феруза. Вой ўзимни ўқимишли ўғлимдан. Унда бугун ош бўларакан-да. (Кулади) Энди айтарсиз, нимани кашф қилганингизни?

Нурмуҳаммад. Энди айтсам бўлади. Хуллас, содда қилиб тушунтирсам, чўл зоналарда табиий йўл билан дарархтларни суғориш йўлини топдим.

Феруза тушуниш учун ўғли айтган гапни бўғинлаб қайтаради.

Феруза. Аниқ иш берармикин.

Нурмуҳаммад. Албатта, иш беради ойи. Чизмаларини ҳам чизиб қўйдим. Китоблардаги қонуниятлар тўғри бўлса, лойиҳам юз фоиз иш беради.

Феруза. Ўғлим, яхшилаб ўйлаб кўринг, жуда мураккаб иш экан. Бунинг учун физик эмас сеҳргар бўлиш керак. (Кулади)

Нурмуҳаммад. Ойи, нима менга ишонмаяпсизми?

Феруза. Ишонаяпман, болажоним,ишонаяпан. Фақат тушунмаяпман-да.

Нурмуҳаммад. Мана, қаранг, қишда деразамизниинг тагида сув йиғилиб қолади, шундайми?

Феруза. Шундай.

Нурмуҳаммад. У қандай сув?

Феруза. Билмасам, болам.

Нурмуҳаммад. Бу сув буғдан ҳосил бўлади.

Феруза қўлидаги  пичоқни ерга қўйиб, ўйлай бошлайди .

Нурмуҳаммад. Демак, табиий шароитда....ЗТМ

4-Эпизод

Тун. Жабборнинг хонадони. Жаббор телевизорини ўчириб, чуқур хўрсинади соатга қарайди. Соат миллари 20:20.

Жаббор. Менга чой дамлаб берадиган кимдир борми?

Ҳеч ким жавоб бермагач, ўзи туриб ўғлининг, қизининг, хотининг хонасига бир-бир қараб чиқади. Хотини телефонига, болалари компьютерга тикилиб ўтирипти. Жаббор индамай меҳмонхонага чиқиб, деразадан ташқарига қарайди. ЗТМ.

5-Эпизод

Тун. Самиддининг уйи. Эшик тақиллайди. Феруза бориб эшикни очади. Самиддин хурсанд кириб келади. 

Феруза. Ҳа дадаси, бунча кечикдингиз, сизни кутавериб ош ҳам шовла бўлиб кетди. Нурмуҳаммадга сен еб олавер десам, дадамни кутайлик деб ухлаб қолди.

Самиддин. Профессор устозим бор  эдику.

Феруза. Хўш...

Самиддин. Нурмуҳаммаднинг лойиҳасини устозга олиб бордим.

Феруза. Нима деди?

Самиддин. Эртагаёқ тегишли жойга ўғлимизни номидан ўзи олиб бораркан. Ўзим бу лойиҳага ҳомийлик қиламан деяпти.

Феруза қувониб кетади.

Феруза. Ўғлингизни уйғотиб унга ҳам айтинг, кейин чиқинглар, мен ош сузаман.

Шу пайт эшик тақиллаб қолади. Самиддин эшикни очади. Милиция формасидагилар ўзларини таништиради.

Ички ишлар ходими. Пўлатовлар хонадоними?

Самиддин. Йўқ, биз Лутфуллаевмиз. Пўлатовлар қўшнимиз бўлади, тинчликми?

Шу пайт эшик очилиб, Жаббор чиқиб қолади.

Жаббор. Ҳа қўшни, кеч бўлганда тинчликми?

Самиддин. Сизни сўраб келишипти.

Ички ишлар ходими. Фамилиянгиз Пўлатовми?

Жаббор. Ҳа, тинчликми?

Ички ишлар ходими қўлидаги ҳужжатдан Жабборнинг ўғлининг телефон  рақами ва исм-фамилиясини ўқийди.

Ички ишлар ходими.  ... 33 49 профил эгаси Саттор Пўлатов сизга ким бўлади.

Жаббор. Ўғлим...

Ички ишлар ходими. Ўғлингиз аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришга қаратилган фейк материаллар тарқатган. Бундай хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик борлигини биласизми?

Жаббор. А... ЗТМ

ТИТР: Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз тарбиясига ва саломатлигига эътиборсиз бўлманг!

 

         Бобур ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти,

“Кино телевидиние ва радио санъати” факультети,

3-босқич талабаси,

“Адолат” СДП “Ёшлар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+