Фидойиликни амалда исботлаймиз

25.08.2020 12:08:59

“Ёшлар парламенти”нинг асосий мақсадларидан бири, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишдан иборат бўлиб, ушбу жараёнда мен ўзимнинг бевосита иштироким орқали,  ҳуқуқий  билимим ва касбий тажрибамга таянган ҳолда, ушбу янги ва прогрессив ишда  ўзимнинг  ҳиссамни қўша олишимга ишончим комил.

Бунда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлашда, қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари, ҳуқуқ ижодкорлиги масалалари бўйича амалий муҳокамаларда иштирок этиш мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда мамлакатимизда биз ёшларга билдирилаётган ишонч ҳамда бундай улкан имкониятлар яратилаётганлигидан фахрланаман.

Мен парламент фаолиятида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашишни ўзимнинг бурчим деб ҳисоблайман.

Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги вақтда юртимизда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин, Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади? Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган биз ёшлар майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирмиз деб ҳисоблайман.

Зеро, бугунги ёшларга меҳнат қилиш, ўз билим ва қобилиятини намоён этиш учун барча имкониятлар яратиб берилди. Ушбу  имкониятлардан унумли фойдаланиб, Президентимиз бошлаб берган эзгу ишларга камарбаста бўлишимиз, бор куч ва ғайратимиз билан олдинга интилишимиз, ҳамиша жамиятнинг олдинги сафида бориб, шу юртнинг, шу халқнинг фидойи фарзандлари эканлигимизни амалда исботлашимиз шарт.

Шохиста АБИДОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги "Ёшлар парламенти" аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+